Тўқаев талатўплар вақтида ўлган ҳарбийларни мукофотлади
Олам
−
10 Январь 2022
9293Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Республикадаги тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлган 16 нафар ҳарбий хизматчи ва полиция ходимини вафотидан кейин тақдирлади. Фармон матни давлат раҳбари сайтида эълон қилинган.
“Ҳарбий ва хизмат вазифаларини бажаришда кўрсатган жасорат ва фидойилиги учун, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қилган хизматлари учун ... мукофотлансин”, дейилади ҳужжат матнида.
Шундан сўнг вафотидан кейин давлат мукофотлари билан, жумладан, иккинчи ва учинчи даражали “Жасорат” ордени ва “Ҳарбий жасорат учун” медали билан тақдирланган 16 кишининг рўйхати келтирилган.
Таъкидланишича, “Жасорат” ордени ва "Ҳарбий жасорат учун" медали билан Қозоғистон Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ички ишлар ва миллий хавфсизлик органлари ходимлари тақдирланади.
Кеча, 9 январь куни эрталаб Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тартибсизликлар пайтида 16 нафар полиция ходими, Қозоғистон Миллий гвардияси ва Мудофаа вазирлиги аскарлари ҳалок бўлгани, 1,3 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси