Сергелидаги портлаш, кучли учликдаги Бобонов, дунёга хавф солаётган янги штамм – QALAMPIR.UZ дайжести
Жамият
−
29 Ноябрь 2021
7226Жамият
Қашқадарё ҳокимлигида янги лавозим жорий этилади
Жорий йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг “Қашқадарё вилоятининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғидаги мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, ҳудудда аграр тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилмоқда.
“Дубинка” кўтарган “Қора маскалилар”дан қочган ҳайдовчига жиноят иши очилди
Қашқадарёда ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, машинани уларнинг устига ҳайдаган фуқарога нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 ноябрь куни соат 16:10 ларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳудудида қоидабузарлиги учун тўхтатилган 1998 й.т. Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси Ҳ.А. ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, атрофдагиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солган ҳолда воқеа жойидан қочиб кетишга уринган.
Сергелидаги ишчилар ётоқхонасида портлаш ва ёнғин юз берди
Бугун, 29 ноябрь куни Тошкентнинг Сергели туманидаги корхонада ишчилар ётоқхонасида портлаш юз берди. Бу ҳақда ФВВ хабар қилмоқда.
Портлаш соат 05:05да Сергели тумани Нилуфар 3-тор кўчасида “Узмилл” МЧЖ ҳудудида ишчилар учун жойлашган ётоқхонада юз берган. Бирламчи маълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва бунинг оқибатида ёнғин содир бўлган.
Воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Хусусан, ёнғин натижасида турли даражадаги куйиш тан жароҳатларини олган 18 нафар фуқаро дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Айни пайтда барча беморларга белгиланган стандартлар бўйича зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажа жараёнлари давом этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан жабрланган шахсларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муложаларини олмоқда.
Самарқанддаги 13 ёшли қиз кимдан ҳомиладор экани маълум бўлди
Аввалроқ Самарқандда 13 ёшли ўқувчи қиз 6 ойлик ҳомиладор экани ҳақида хабар берган эдик. Вояга етмаган қизнинг ҳомиладор бўлиши юзасидан ўтказилган суриштирувлар натижасида 13 яшар қиз кимдан ҳомиладор бўлгани аниқланди.
STV телеканалининг маълум қилишича, воқеа тафсилотларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ билан суҳбат давомида ўқувчи қиз 5 йилдан бери онаси билан яшаб келаётган эркак уни алдаб номусига текканини айтган.
Вояга етмаган қиз шунингдек, эркак уни 11 ёшидан бери мунтазам зўрлаб келаётганини ҳам айтган.
Наманганда “кўчат шоу” уюштирган мансабдорлар лавозимдан озод қилинди
Ижтимоий тармоқда Наманган вилояти Поп туманида бир қатор мутасаддиларнинг кўзбўямачилик учун кўчат эккани акс этган видео тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 ноябрь куни туманнинг Санг қишлоғи “Боғкўча” маҳалла фуқаролари йиғини раиси бошчилигида Мерос кўчасида кўчат экиш ишлари олиб борилган ва айнан маҳалла раисининг кўрсатмаси билан кўчат экиш жараёнига сохталик билан ёндашилган.
Олам
Бердимуҳамедов “спецназ”ни жанговар ҳолатини кучайтиришни буюрди
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов махсус топшириқлар бўлинмасини такомиллаштиришни буюрди. Бу ҳақда “Арқадағ” жорий йилнинг 26 ноябрь куни ўтказилган Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтиб ўтилди.
Йиғилишда 27 январь куни нишонланадиган Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган.
Куч тузилмалари раҳбарлари режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида давлат раҳбари ҳарбий ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларидан тузилган “Türkmen edermen” (“Жасур туркман”) махсус топшириқлар бўлинмасини такомиллаштириш ҳақида топшириқ берган.
Трамп Россия билан ҳамкорликка нима тўсқинлик қилганини айтди
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ҳукмронлигининг катта қисмида давом этган туҳмат кампанияси унга Россия билан алоқа ўрнатишга ва ҳар икки давлат учун “жуда яхши” натижаларга эришишга тўсқинлик қилган. Бу ҳақда у “Fox”га берган интервьюсида гапирган.
У 2016 йилги сайлов кампанияси пайтида бўлиб ўтган, гўёки Москва билан тил бириктирганлик ҳақидаги ички сиёсий мухолифларнинг рад этилган айбловларини эслаган.
Коронавируснинг “омикрон” штаммини аниқлаган шифокор унинг белгиларини маълум қилди
Коронавируснинг “омикрон” штамми ҳақида огоҳлантирган жанубий африкалик шифокор Анжелик Кутзе янги штаммнинг белгиларини санаб, уларни ноодатий, аммо енгил эканини айтди. Бу ҳақда у “The Telegraph” нашри билан суҳбатда айтиб ўтган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда унинг ЖАР пойтахти Преториядаги COVID-19 билан касалланган беморлари орасида қаттиқ чарчоқдан шикоят қилаётган келиб чиқиши турли миллатларга мансуб ёшлар пайдо бўлган. Улардан ҳеч бири таъм ёки ҳид билиш сезгиси йўқолишидан шикоят қилмаган. Шунингдек, Кутзе томир уриши тезлашган ва иситмаси юқори бўлган олти ёшли билан боғлиқ ҳолатни ёдга олган.
ЖССТ “омикрон” штаммининг хавфли жиҳатини маълум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кеча, 28 ноябрь куни баёнот эълон қилди, унда янги “омикрон” коронавирус штамми ҳақидаги барча сўнгги маълумотлар келтирилган.
Унда айтилишича, COVID’ни бошдан ўтказганларнинг “омикрон” билан касалланиш хавфи ортиши мумкин.
“Дастлабки далиллар шуни кўрсатадики, бошқа ташвишли вариантларга қараганда, “омикрон” билан қайта касалланиш хавфи юқори. Аммо бу борадаги маълумотлар чекланган. Қўшимча маълумотлар келгуси кунлар ва ҳафталарда мавжуд бўлади”, дейилган баёнотда.
ОАВда илк бор Туркманистон биринчи хонимининг сурати эълон қилинди
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг турмуш ўртоғи Огулгерек Бердимуҳамедованинг суратлари илк бор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Сурат Туркия ва Туркманистон Президентларининг Ашхободдаги учрашувида олинган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида музокара бўлиб ўтган. Шу сабаб Эрдўған рафиқаси Эмине Эрдўған билан Туркманистонга келган.
Спорт
Бобонов Абу-Даби “Катта Дубулға” турнирида совриндор бўлди
Кеча, 28 ноябрь куни БАА мамлакати пойтахти Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи сўнгги мусобақа ўз якунига етди.
90 кг вазнда татамига чиққан Токио Олимпиадасининг бронза медали совриндори Давлат Бобонов мусобақанинг бронза медали учун кечган баҳсда франциялик Франсис Дамиерга қарши татамига чиқди ва рақибини чиройли иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди.
Давлат Бобонов бронза медали билан бирга 500 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.
Аҳмадалиев мутлақ Жаҳон чемпионлиги йўлида ким билан жанг қилиши маълум бўлди
Кеча, 28 ноябрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони америкалик Стивен Фултон (20-0-0) WBC чемпионлик камари соҳиби Брендон Фигероани (22-1-1) мағлуб этиб, икки йўналиш бўйича Жаҳон чемпионига айланди.
Ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевга рақиби аниқланган жанг тўлиқ 12 раунд давом этди ва якунда Фултон очколар эвазига (116-112, 116-112, 114-114) ғалаба қозонди. Ушбу жангдаги мағлубият Фигероа учун фаолиятидаги биринчиси бўлди.
Неймар қанча муддатга сафдан чиққани маълум
Кеча, 27 ноябрь куни Франция чемпионатининг 15-туридан ўрин олган ПСЖ – “Сент Этьен” қаршиучрашувида жароҳат олган Неймар тахминан 6 ҳафта майдонга туша олмаслиги мумкин. Бу ҳақда “RMC Sport” нашри хабар берди.
Учрашув парижликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бразилиялик футболчи ўйин якунига етаётган бир паллада ҳимоячи Иван Мейсон унга ниябатан қўполлик ишлатди ва бунинг натижасида Неймар чап тўпиғини қайириб олди ва ўзи майдонни тарк эта олмади. Уни замбилда олиб кетишди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь