Қашқадарё ҳокимлигида янги лавозим жорий этилади
Жамият
−
29 Ноябрь 2021
14786Жорий йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг “Қашқадарё вилоятининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғидаги мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, ҳудудда аграр тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилмоқда.
Унга қуйидаги вазифалар юкланади:
• қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш, агросаноат кластерларини ривожлантириш;
• янги интенсив боғ ва токзорларни барпо қилиш ва иссиқхоналарни ташкил этиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлаш;
• тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш;
• инновацион ишланмалар, шунингдек, замонавий автоматлаштириш ва АКТларини қишлоқ хўжалиги тармоқларига жорий этиш;
• чорва моллари бош сонини, гўшт, сут, тухум, балиқ ва асал ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.
LiveБарчаси