Наманганда “кўчат шоу” уюштирган мансабдорлар лавозимдан озод қилинди (видео)

Жамият 27602
image
-

Ижтимоий тармоқда Наманган вилояти Поп туманида бир қатор мутасаддиларнинг кўзбўямачилик учун кўчат эккани акс этган видео тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 ноябрь куни туманнинг Санг қишлоғи “Боғкўча” маҳалла фуқаролари йиғини раиси бошчилигида Мерос кўчасида кўчат экиш ишлари олиб борилган ва айнан маҳалла раисининг кўрсатмаси билан кўчат экиш жараёнига сохталик билан ёндашилган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Боғкўча маҳалла раиси Қаҳрамон Очилдиев, маҳалла раисининг ўринбосари Мансуржон Акбаровга тегишли чора кўрилган ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган.

Шунингдек, маҳаллада олиб борилган кўчат экиш ишларини назоратга олмаганлиги учун туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Эркинжон Асқаровга ҳайфсан эълон қилинган.

 

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 888
Рейтинг: 3
t
×