“Салом, Борис!”. Жонсон кутилмаганда Киевга борди
Олам
−
17 Июнь 2022
9949Бугун, 17 июнь куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиш учун Киевга борди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
“Борис Жонсон Донкастердаги йирик қизил девор конференциясидан чиқиб, Президент Владимир Зеленский билан учрашиш учун Киевга иккинчи марта ташриф буюрди. Бу ташриф кутилмаган эди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Бош вазир бугун тушдан кейин Тори шимолидаги депутатлар, кенгаш аъзолари ва бизнес раҳбарлари олдида нутқ сўзлаши керак бўлган. Аммо у Twitter’даги саҳифасида уруш бошланганидан кейин Украинага иккинчи марта ташриф буюраётганини айтиб, конференцияга бора олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
“Жаноб Президент, Владимир, яна Киевда эканимдан хурсандман!”, дея изоҳ ёзиб қолдирган у ўз саҳифасида. Изоҳ остида эса Зеленский билан тушган расми жойлаштирилган.
Ўз навбатида Зеленский ҳам Telegram’даги саҳифасида уруш бошлангандан буён Буюк Британия Украинани қўллаб-қувватлаётганини билдирган. Жонсонни эса “мамлакатнинг қадрдон дўсти” деб атаган.
“Мамлакатимизнинг қадрдон дўсти Борис Жонсонни Киевда яна кўрганимдан хурсандман”, дейди у.
Украина ҳукумати томонидан тақдим этилган видеода Зеленский Президент саройига келган Бош вазирни “Салом, Борис!”, дея илиқ кутиб олгани акс этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 июнь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц, Италия Бош вазири Марио Драги, Руминия Президенти Клаус Йоханнис Украинага борган эди. Улар ташриф давомида Зеленский билан учрашиб, музокаралар ўтказганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.