Рус тарихчиси ўзбек миллатини Ленин ўйлаб топганини иддао қилди (видео)
Олам
−
23 Январь
2004121 январь куни Владимир Ильич Ленин вафот этганига 100 йил тўлиши муносабати билан “Учрашув жойи” ток-шоусида рус шовинист тарихчиси Михаил Смолин "инқилобдан олдин озарбайжон, ўзбек ва қозоқлар ҳеч қачон бўлмаган", деган даъво билан чиқди.
“Қозоғистон қандай пайдо бўлди? Дарҳақиқат, дастлаб РСФСР таркибида Қозоғистон ССР деб аталган, унгача қозоқлар умуман йўқ эди. Миллатларнинг шаклланишига оид қарорлар шу қадар ихтиёрий қабул қилинган. Ўзбеклар, масалан, инқилобгача ҳеч қачон бўлмаган, бундай ном йўқ эди. Марказий Осиёнинг бир қанча халқларидан ўзбекларни олиб, яратдилар”, дейди у.
Тарихчи ўзининг "янгича ёндашув"ларини давом эттираркан, озарбайжонларнинг ҳам келиб чиқишига тўхталди.
“Озарбайжонлар кимлар? Бундай миллат йўқ. Инқилобдан олдин бундай халқ бўлмаган”, деган Смолин.
Унга кўра, коммунистик партиянинг асосий вазифаси Россия империясининг улкан ҳудудини миллий квартираларга бўлиш эди. Бу эса Россияни вайрон қилувчи улкан муаммоларни келтириб чиқарган ва "Ленинни Россия тарихидаги энг катта жиноятчига айлантирган".
Смолиннинг даъвосига Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигида вазир маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритаётган, собиқ депутат Расул Кушербоев ўз муносабатини билдирди:
“Кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрламоқда”, дейди Кушербоев.
Унинг фикрича, бу каби сценарийлар Украина босқинидан олдин ҳам қўлланилган.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон эса буни анчадан буён давом этаётган провокация деб баҳолайди.
"Буларнинг бари провокация ва ёлғон. Эскидан бўлиб келган пасткашлик. Ёлғон эса электр қувватини ўтказмайдиган моддадек, инсонлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларнинг кучайишига чек қўювчи воситадир. Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислоҳ қилишдан бошланган. Фақат шундагина ҳақиқий маънода инқилобий ўзгаришлар рўй бериши мумкин", дейди бир қатор тарихий ва бадиий асарлар муаллифи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ рус сиёсатчиси ва ёзувчиси Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади. Сенат раиси Танзила Норбоева эса Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмаслигини айтди.
Жорий йилнинг 18 январида эса Россиялик телебошловчи “русча” номлардан воз кечаётган қозоғистонликларни “манқурт”га ўхшатди ва унга Қозоғистонга кириш тақиқлаб қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь