“Sh” ва “Ch” ўтмишда қолади. Янги алифбо бизга нима беради?

Жамият

Reklama
0:00

Айримлар болалигида кирилл алифбосида, бошқалар эса лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида савод чиқарган. Энди эса амалдаги лотин алифбоси яна ўзгармоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, паспортингиздаги исмингиздан тортиб чўнтагингиздаги пулингизгача барча барчаси ўзгаради.

Энг муҳим ўзгариш шундаки, энди ўзбек тилида икки белгидан иборат ҳарф бирикмалари қўлланилмайди. Клавиатурада  sh – “w”  ch – “4” ҳарфларини қисқартириб ёзиш ҳам шарт эмас. “ng” ҳарф бирикмаси эса алифбодан бутунлай олиб ташланади. Жорий йилнинг 7 июль куни, ушбу ўзгаришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси парламентда маъқулланиб, Сенатга юборилди.  Шундан сўнг, Ўзбекистонда илк бор 2021 йилда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган алифбо ислоҳоти масаласи яна кун тартибига чиқди. Аслини олганда, алифбодаги ҳарфлар нега ўзгармоқда? Унда қандай муаммолар бор эди?

“Бу алифбо ислоҳоти кеча пайдо бўлган нарса эмас. Бу масала ижтимоий тармоқларда бир неча йиллардан бери мухокама қилинади. Алифбо ислоҳоти бўйича тилшунослар, олимлар ва турли соҳа вакилларининг фикрлари олинган. Тўғри, бу муаммолар юзувда билинмаслиги мумкин. Бироқ, оддийгина “Ўзбекистон” сўзидаги “o‘” ҳарфи ҳамма жойда 10 хил ёзилади. Имло қоидаларида эса “sh” ва “ch” ҳарф бирикмалари билан жуда кўп истисно ҳолатлари мавжуд. Масалан, “Is’hoq”, “As’hob” деган сўзларимизни нотўғри ўқиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Бундан ташқари, клавиатурада ушбу ҳарфлар бирикмасини “w” ва “4” қилиб ўзгартириб, бузиб ёзилган ҳолатлар ҳам учрамоқда”, дейди мутахасис Иномжон Азимов. 

Алифбодаги яна бир муҳим ўзгариш шундаки, ng ҳарфлар бирикмаси бутунлай олиб ташланмоқда.  Ҳозирда “bodring”, “keling”, “turing” каби сўзларда битта ng товушини, “ko‘ngil” ва “singil” каби сўзларда эса алоҳида n ва g товушларини ифодалаб келаётган ушбу ҳарфлар бирикмаси энди алифбода бўлмайди. Табиийки, савол туғилади: энди “boring”, “keling”, “turing” каби сўзлар қандай ёзилади? 

“Кўпчиликни қизиқтираётган масалалардан бири – “ng” ҳарфлар бирикмасининг алифбодан чиқарилишидир.  Бироқ бу товуш йўқолиб кетади, дегани эмас. «Ng» янги алифбода алоҳида ҳарф сифатида бўлмайди, аммо товуш сифатида сақланиб қолади.  Фақат уни ифодалаш тартиби имло қоидалари орқали белгилаб берилади. “Ng” ҳарфлар бирикмаси амалдаги имло қоидаларида ҳам кўплаб мураккабликларни келтириб чиқарган. Масалан, “senga” ва “menga” сўзларида “n” ва “g” алоҳида товушлар сифатида талаффуз қилинади. Аммо “singil” ва “ko‘ngil” сўзларида улар битта “ng” товушини ифодалайди ва бўғин кўчиришда ҳам алоҳида қоида қўлланилади. Натижада битта ҳарфлар бирикмаси учун бир нечта истисно ва мураккаб имло қоидаларини ёдда сақлашга тўғри келади”, дейди мутахасис Иномжон Азимов.

Айримлар янги алифбони турк алифбосига тақлид деб ҳисобламоқда. Тўғри, бир қарашда алифбога киритилиши таклиф этилаётган тўртта ҳарф турк алифбосидаги белгиларни эслатади. Бироқ тарихга назар ташласак, бу ҳарфлар ўзбек алифбоси учун мутлақо янги эмас. Ўзбекистон 1993 йилда кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтилганда, ушбу ҳарфлар илк лотин алифбоси таркибида аллақачон мавжуд бўлган.

“Бу ҳеч қандай турк алифбосига тақлид эмас. Таклиф этилаётган ҳарфлар ҳам биз учун мутлақо янги эмас. Ўзбек ёзуви тарихига назар ташласак, лотин алифбосининг дастлабки вариантларида бундай белгилар аввал ҳам қўлланилган. Хусусан, 1993 йилда кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганда ҳам бугун қайта жорий этилиши таклиф қилинаётган ҳарфлар алифбо таркибида бўлган. Кейинчалик, 1995 йилда алифбо қайта кўриб чиқилиб, улар ўрнига “sh”, “chׅ”, “o‘” ва “g‘“ ҳарф бирикмалари жорий этилган”, дейди мутахасис Иномжон Азимов.

Алифбодаги “o‘” ҳарфининг белгиси билан боғлиқ муаммо кўпчиликка яхши таниш. Уни компьютерда ёзиш учун махсус рақамлар кетма-кетлигини босиш бир томондан вақт олса, бошқа тарафдан саводсизлик деб баҳолаш мумкин бўлган даражажадаги камчиликка ҳам сабаб бўлар эди. Буни Ўзбекистон номини ёзиш билан боғлиқ биргина вазият мисолида тушунтирамиз. Давлатнинг номини айримлар “o‘” деб ҳисоблайдиган 7 хил кўринишда ёзиш мумкин. Табийки уларнинг 6 таси хато бўлган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2023 йил 11 декабрда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда гапирган эди.

“Яна бир бор таъкидлайман, гап Ватан ва Миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман!” дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда  QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг