Россиялик телебошловчи “русча” номлардан воз кечаётган қозоғистонликларни “манқурт”га ўхшатди
Олам
−
18 Январь
14383Қозоғистондаги вокзалларнинг номи ўзгартирилишини хушламаган россиялик телебошловчи Тина Канделаки ушбу жараённи "манқуртлашиш"га қиёслади. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Канделаки Қозоғистондаги вокзалларнинг рус тилидаги номи ўзгартирилишидан норози бўлиб, “исмларни ўзгартириш қозоқларнинг хотирасини ўчириш билан баробарлиги” ҳақида ёзди.
"Ҳурматли қозоқлар, сизда оддий, аммо кенг қамровли тушунча бор — “mengu” деган. Манқурт тушунчаси — хотирасини, ўзлигини, баъзан ақлини йўқотган одамга нисбатан қўлланилади. Ўтмишни унутиш, тарихнинг барча кўринишидан, шу жумладан, тарихий номлардан воз кечиш нафақат саводсизлик, балки ундан ҳам баттардир. Айниқса, ер юзида яшайдиган ва осмонга учмайдиган одамлар учун”, деб ёзган рус сухандони ўз Telegram-каналида.
Шунингдек, у "Қонли январь воқеалари"да Қозоғистонга “қўшнилари ёрдам бермаганида” мамлакатда бугунги вазият анча ёмон бўлиши мумкинлигини ҳам писанда қилган.
"Ўтмишни эсламаслик, икки йил аввал қўшнисининг кўмаги бўлмаганида Қозоғистон давлати деярли йўқ бўлиб кетишини унутиш демакдир", деган Канделаки.
Шунингдек, телебошловчи учинчи дунё мамлакатлари, жумладан Қозоғистондаги "қолоқ"ликни кулги остига олган “Борат” фильмини ҳам эслатган.
"Бу эса “Борат”ни ҳам олқишлашдир. Қозоғистондан ташқари уни яна ким тақиқлаган – Россия ва Форс кўрфази мамлакатлари. Ғарбнинг маърифатли "элфлари" учун қозоқлар кимлар? Фильмда бунга аниқ жавоб берилган", дея қўшимча қилган Тина.
Маълумот ўрнида, Тина Канделакининг бу фикрларига қозоғистонликлар ҳам ўзига хос жавоб берди. Жумладан, қозоғистонлик телебошловчи Динара Сатжан россиялик ҳамкасбига "бошқаларнинг ишига бурнини суқмаслик"ни маслаҳат берган.
LiveБарчаси