Россия Тергов қўмитаси Пригожиннинг ўлимини тасдиқлади (видео)
Олам
−
27 Август 2023
13791Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Твер вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда бошқарма хабарида айтилади.
Қайд этилишича, тергов қўмитаси Твер вилоятидаги авиаҳалокатдан сўнг молекуляр-генетик экспертизаларни якунлаган. Барча ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган.
“Твер вилоятидаги авиаҳалокатни тергов қилиш доирасида молекуляр-генетик экспертиза якунланди. Уларнинг натижаларига кўра, барча ҳалок бўлган 10 кишининг шахси аниқланди, улар парвоз варақасида кўрсатилган рўйхатга мос келади”, дейилади хабарда.
Ҳалокатга учраган самолёт йўловчилари рўйхатига қуйидагилар киритилган:
- Евгений Пригожин - “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси;
- Дмитрий Уткин - “Вагнер” командири;
- Сергий Пропустин – Украинанинг “Тинчликпарвар” сайтининг маълумотлар базасига “Вагнер” таркибида жанг қилган разведкачи сифатида киритилган;
- Евгений Макарян – “Вагнер” жангчиси сифатида рўйхатга олинган;
- Александр Тотмин – Судандаги жанговар ҳаракатларда қатнашган;
- Валерий Чекалов – “Нева” ёпиқ акциядорлик жамияти асосчиси;
- Николай Матусеев
Шунингдек, бортда уч нафар экипаж аъзоси ҳам бўлган: командир Алексей Левин, учувчи Рустам Каримов ва стюардесса Кристина Распопова.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдиряпти. Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравеский эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.
LiveБарчаси