Энди “Вагнер” устидан назорат Путинга ўтади – Польша Бош вазири
Олам
−
25 Август 2023
10409“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Россия Президенти Владимир Путинга ўтади. Бу фикрни Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий айтиб ўтди.
“Бугунги кунда Беларусда мавжуд бўлган “Вагнер” катта ёки камроқ хавф туғдирадими? Мен учун бу риторик савол”, дейди Бош вазир.
Моравецкийга кўра, “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг ўлими Польшага таҳдидни камайтирмайди.
Польша Молия ва минтақавий сиёсат вазирининг ўринбосари Марцин Горала унинг фикрига қўшилган.
"Вагнер” ҳар қандай вазиятда жуда катта таҳдиддир, биз чегарамизни ҳимоя қилишимиз, давлат иммунитети тизимини яратишимиз, қуролли кучларимизни мустаҳкамлашимиз, чегара тўсиғини олиб ташламаслигимиз керак", дейди Горала.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. Кеча, 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ҳодиса факти бўйича ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Евгений Пригожиннинг ўлимини Россия учун катта йўқотиш деб атаганди.