Россия собиқ транспорт вазирининг ўлими ортида нималар ёки кимлар турибди?
Таҳлил
−
09 Июль 9088 5 дақиқа
Мансаб постидан олиниши билан ўз жонига қасд қилгани айтилаётган Россиянинг собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг сўнгги куни ва унгача бўлган ҳаракатлари ҳақида янги тафсилотлар маълум бўлмоқда. Бундан ташқарии, марҳум вазирни ўзини ўлдиришгача олиб борган жиноят иши қай даражада жиддий бўлиши мумкинлиги ва унинг бу ишларидан яна кимлар хабардорлиги текширилмоқда. Асосий нишон эса аввалги дастурларда номи тилга олинган ҳурлиқо, вазирнинг ёрдамчиси, гап-сўзларга қараганда эса ундан-да яқин кишиси бўлиб келган Полина исмли 25 яшар аёл бўлиши мумкин.
Яна нималар маълум?
Россия Тергов қўмитаси собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди. Ҳозирча эса терговчиларнинг асосий версиясида кутилганидек ўз жонига қасд қилиш. Аммо расмий маълумотларга кўра, Роман Старовойтнинг ўлим санаси ҳозирча аниқ эмас. “База” маълумотларига кўра, у ўз жонига қасд қилишни 6 июль куни кечаси амалга оширган бўлиши мумкин. “Форбес” манбаси ҳам айнан шу санани қайд этган. “База”нинг ёзишича, ўлимига бир неча соат қолганида Старовойт қизининг мусобақасига борган, у ерда тахминан бир соатдан камроқ бўлиб, кейин уйига жўнаб кетган. Шу билан бирга, Россия Транспорт вазирлиги 6 июль куни Старовойт Уст-Луга порт шаҳрида аммиак чиқиндиси билан боғлиқ фавқулодда ҳолат бўйича йиғилиш ўтказганини маълум қилган.
“Маш” телеграм-канали эса, умуман бошқа фикрда, яъни каналга кўра, Старовойт 7 июль куни эрталаб вазирликда ишда бўлган, йиғилиш ўтказган, ҳамма билан хайрлашган ва уйига кетган. “Маш” бу версияни Старовойт охирги хабарини ўз шахсий қўриқчиларига юборгани, уни қаерда ва қайси вақтда олиб кетишларини билдиргани билан асосламоқда. Ушбу версияга кўра, айнан қўриқчилар унинг жасадини топишган. “Маш” телеграм-канали хабар беришича, сиёсатчи 11:00 атрофида ўзини ўлдирган. Марҳумнинг жасади ёнида 2023 йили ИИВ раҳбарияти томонидан совға қилинган қурол топилган. Ўшанда совға сифатида берилган ушбу қурол Старовойтга “муаммоларни ҳал этишда кўрсатган хизмати” учун тақдим қилингани қайд этилган. Бундан келиб чиқадики, вазир ўзини айнан шу ўқотар қурол билан ўлдирган бўлиши мумкин.
“База” манбасига кўра, Старовойт охирги марта оила аъзолари билан 5 июль куни мулоқот қилган. У қизининг мусобақасига тушкун ҳолда келган, тахминан бир соатдан камроқ вақт ўтиб, жимгина кетган. Шундан сўнг у ҳеч ким билан боғланмаган.
20 йиллик қамоқдан қочиш?
Старавойт 2024 йил май ойида Транспорт вазири этиб тайинланганди ва бир йилдан ортиқ шу лавозимда ишлади. Аввалроқ, Курск вилоятидаги коррупция билан боғлиқ ҳолатлар унинг ишдан олинишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди. Кремль эса унинг ишдан олиниши ишончни йўқотишга боғлиқ эмаслигини маълум қилганига қарамай, Старовойт истеъфосининг сабабларига аниқлик киритмади.
Ҳозиргача эса айнан Курскдаги коррупсиявий жиноятлар Старовойтнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ сўнгги қарорини қабул қилишда ҳал қилувчи роль ўйнагани энг кўп айтилаётган версия бўлиб турибди. Старовойт 2019-2024 йилларда Курск вилояти губернатори бўлган. Ундан кейин вилоят раҳбарлигини Алексей Смирнов вақтинча бажарган. Смирнов эса Украина Курскни эгаллаганидан кўп ўтмай лавозимидан олинди ва 2025 йил апрель ойида Украина билан чегарада қурилган мудофаа иншоотлари учун ажратилган 1 миллиард рублдан ортиқ бюджет маблағини талон-тарож қилишда айбланди ва ҳозирда Смирнов ва унинг ўринбосари Алексей Дедов ҳибсда. ШОТ телеграм-канали маълум қилишича, айнан Смирнов Старовойтга қарши биринчилардан бўлиб, кўрсатма берган ва ўз амалиётини унинг кўрсатмасига асосан амалга оширганини айтган. Яъни Старовойт фирибгарлик ва ноқонуний тасарруф этиш моддалари бўйича жиноий иш очилган тақдирда 20 йилгача қамалиши мумкин эди.
“Маш” канали эса, марҳум вазир томонидан ҳавога совурилган пуллар миқдорини янада каттароқ қилиб кўрсатмоқда. Манбага кўра, унинг 19 миллиард рублни керакли жойларга сарф қилиш ҳақидаги рухсатномаси ҳуқуқ-тартибот органларида шубҳа уйғотган. Унинг имзоси Курск вилоятидаги оператив штаб қарорларида кўринади. У ерда бош пудратчи – вилоятни ривожлантириш корпорациясига 19 миллиард рублни мустақил равишда сарф қилиш ва субпудратчиларни ҳам ўзи танлаш ҳуқуқи берилган. Аммо хабарга кўра, ушбу корпорация Дурнево қишлоғида Старовойт учун резиденция қурган. У губернаторлик пайтида ўша ерда яшагани айтилмоқда. “База” маълумотларига кўра, корпорациянинг собиқ раҳбари Владимир Лукин ва депутат Максим Василев ушбу иш бўйича кўрсатма берган ва олдинроқ маълум қилинганидек, ҳозирда улар ҳам тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
25 ёшли Полина ҳам нишондами?
Одинсоводаги драматик саҳнанинг асосий марказида Старовойтнинг бир неча йиллардан буён яқин инсонига айланган, расмий жиҳатдан эса унинг ёрдамчиси бўлган Полина Корнеева ўрин олди. Манбаларга кўра, у вазирнинг жонсиз жасадини кўриши билан шокка тушган, йиғлаган ва нима бўлганига ишонмаган. Воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари унинг аҳволидан ҳайратда қолишгани, ёш аёлнинг бундай самимий қайғусидан таъсирлангани айтилмоқда.
Воқеа жойида ишлаётган полиция ходимлари нафақат фожиа ҳолатларидан, балки Полинанинг ролидан ҳам ҳайратда қолишган. Унинг ҳиссий муносабати ва Старовойтга яқинлиги терговчиларнинг унга алоҳида эътибор беришига сабаб бўлган. Шу боис тергов, Полинанинг Старовойтга қўйилиши мумкин бўлган айбловлар ҳақида олдиндан хабари бўлган ёки йўқлигини текшираётгани ҳақида хабарлар бор. Манбаларга кўра, ҳуқуқ идоралари унинг даъво қилинган қонунбузарликлар билан боғлиқ бизнес масалаларига алоқадорлигини аниқлаш учун ёзишмалар ва ҳужжатларни текширмоқда. Аммо Полина Корнеева ҳозирча фақатгина гувоҳ ва унинг кўрсатмаси терговда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
Live
Барчаси