Суд ўрнига фронт. Пригожин қабрини таҳқирлаган Шведов Украинага кетади
Олам
−
23 Декабрь 5632 2 дақиқа
Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг қабрини таҳқирлашда айбланган Вячеслав Шведов Санкт-Петербургдаги “тергов ҳибсхонасида топилди”. Бу ҳақда бугун, 23 декабрь куни Санкт-Петербург судлари матбуот хизмати раҳбари Дариа Лебедева маълум қилди.
“Шведов биздан қочиб кетаётган эди... маълум бўлишича, у Ленинград вилояти бўйлаб югуриб юрган ва банк ҳисобидан 6047 рубль ўғирлаган ҳолда қўлга олинган. Суд қарори билан судланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди”, деб ёзди Дариа Лебедева.
Лебедева кейинги воқеаларни тушунтираркан, айни пайтда Вячеслав Шведовга қарши иш унинг Украинада урушга бориш “истагига” боғлиқлиги сабабли тўхтатилганини билдирди.
“Судья Шведовга қарши жиноят ишини Россия Жиноят-процессуал кодексининг 238-моддаси 1-қисмининг 5-бандига асосланиб тўхтатди, чунки у Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома тузган ҳолда Ватанни ҳимоя қилиш истагини билдирган илтимосномасини тақдим этган эди”, дейди суд воизи.
Вячеслав Шведов “марҳумларнинг жасадлари ва уларнинг дафн этилган жойларини таҳқирлаш” иши бўйича судланувчи бўлиб, жарима, жамоат ишлари ёки уч ойгача қамоқ жазоси билан жазоланиши керак. Суд ишни 2025 йил март ойида рўйхатга олган, аммо Шведов суд мажлисларига келмаган ва қидирувга берилган.
2024 йил май ойи охирида Санкт-Петербургдаги Пороховское қабристонида “Вагнер” асосчисининг қабри устига Евгений Пригожиннинг ҳайкали ўрнатилди. Ўша йилнинг 21 июль куни кечқурун қабристон қўриқчиси полицияга Пригожиннинг қабрига учта плакат ёпиштирган, улардан бирида “Хўроз” деб ёзилган одамни ҳибсга олганини хабар қилди. “Медуза” хабар беришича, Санкт-Петербург судининг маълумотларига кўра, плакатлар Вячеслав Шведов томонидан жойлаштирилган.
Евгений Пригожинга тегишли Embraer Legacy бизнес самолёти 2023 йил 23 август куни Москвадан Санкт-Петербургга йўл олган ҳолда, Твер вилоятида ҳалокатга учраган. Бортда уч нафар экипаж аъзоси ва етти йўловчи, жумладан, Пригожиннинг ўзи ва “Вагнер” асосчиларидан бири Дмитрий Уткин бўлган.
ОАВ хабарларига кўра, самолёт ҳалокатига бомба портлаши ва ер-ҳаво ракета зарбаси сабаб бўлган. Кўпгина сиёсий таҳлилчилар 2023 йил июнь ойи охирида ҳарбий қўзғолон уюштирган Пригожиннинг ўлими ортида Россия разведка хизматлари ва Россия Президенти Владимир Путин шахсан турган деб ҳисоблашади.
Live
Барчаси