“Россиядан чиқаётган ҳеч нарса ишончли эмас”. Еврокомиссия Пригожиннинг ўлганига ишонмаяпти
Олам
−
25 Август 2023
14937Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
“Бугунги кунда Россиядан чиқаётган деярли ҳеч нарса ишончли эмас. Ҳа, биз “Вагнер” гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин, шунингдек, унинг атрофидагилар ва экипаж аъзоларининг ўлимига сабаб бўлган самолёт ҳалокати ҳақидаги хабарларни кўрдик. Аммо Россиядаги бошқа кўплаб мамлакатлар сингари, буни текшириш жуда қийин”, дейди Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўлими матбуот котиби Петер Стано.
У Пригожиннинг ўлими шунчаки тахмин эканлигини айтиб ўтган.
“Европа Иттифоқи Пригожин ва “Вагнер”ни, албатта, Украина, Сурия, Ливия, Африка давлатларидан бошлаб, кўп жойларда содир этган қонунбузарликлари учун санкциялар рўйхатига киритди. Улар қаерда бўлган ёки ҳозир қаерда бўлишидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича из қолдирган. Шу боис, шунча қонунбузарликлар ҳисобга олинса, айниқса, ушбу мамлакатлар ва уларнинг аҳолиси учун фақат салбий оқибатлар бўлади”, дейди Стано.
Шунингдек, у Еврокомиссия “Вагнер” гуруҳи қандай ташкил этилгани, кимга боғланиши, Кремль томонидан қандай назорат қилингани ва молиялаштирилгани ҳақида билишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. Кеча, 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ҳодиса факти бўйича ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Евгений Пригожиннинг ўлимини Россия учун катта йўқотиш деб атаганди.
Шунингдек, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Россия Президенти Владимир Путинга ўтишини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15