Раҳмон Пашинян билан Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
07 Январь 2022
5098Бугун, 7 январь куни Арманистон Республикаси Бош вазири, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси Никол Пашинян ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Арменпресс” хабар бермоқда.
Таъкидланишича, суҳбат чоғида томонлар Қозоғистон Республикасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашган ҳамда дўст мамлакат раҳбариятининг тинчлик ва осойишталикни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.
Шу нуқтаи назардан, томонлар ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш учун КХШТнинг бирлашган тинчликпарвар контингентини Қозоғистонга юбориш тўғрисидаги КХШТ қарорини амалга ошириш жараёнини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, КХШТ орқали Қозоғистонга Россиядан 3 минг, Беларусдан 500, Тожикистондан 200, Қирғизистондан 150, Арманистондан 100 нафар аскар киритилмоқда.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси