Путин ва Зеленский учрашуви масаласида жуда кўп “агар” бор – Песков
Олам
−
09 Август 2022
6299Кремл ноябрь ойида Индонезияда бўлиб ўтадиган G20 саммитида Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида учрашув бўлиши имкониятлари борасида изоҳ бермаяпти. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
Нашрга кўра, бугун, 9 август куни Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков икки давлат раҳбари учрашуви юзасидан журналистларга маълумот бериб, бу масалада жуда кўп "агар" мавжудлигини таъкидлади.
“Биз ҳозирги вазиятда фақат де-факто айтишимиз мумкин. Ҳозирча бундай учрашув учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ”, деган Песков.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин Индонезиядаги “катта йигирматалик” (G20) саммитида иштирок этса, Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам йиғилишга қўшилиши мумкин.
Маълумот учун, G20 саммити жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида ўтказилади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15