Путин Харьков вилоятини аннексия қилмоқчи – ISW
Олам
−
12 Июль 2022
14239Россия Президенти Владимир Путин Украинанинг Харьков вилоятининг аннексия қилиш учун шароит ҳозирлаяпти. Бу ҳақда Американинг Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) ҳисоботида сўз боради.
Шу нуқтаи назардан, экспертлар Путин томонидан барча украиналиклар учун Россия фуқаролигини олиш жараёнини соддалаштирувчи фармон имзоланганини қайд этишмоқда.
“Кремль Донбассдан ташқари Украина ҳудудларини аннекция қилиш бўйича шартлар қўйишда давом этмоқда... Қонун аввалроқ “ДХР” ва “ЛХР”, Херсон ва Запорожье вилоятларида паспорт беришни соддалаштирган ва Кремлнинг Харьков области каби бошқа ҳудудларни аннексия қилиш ниятидан дарак бериши мумкин”, деб ҳисобламоқда таҳлилчилар.
Шу билан бирга, ҳисоботда айтилишича, Россия ҳарбий-сиёсий раҳбарияти босиб олинган ҳудудлар устидан маъмурий назоратни кучайтиришга, ушбу ҳудудларни РФга қўшиб олиш учун шароит яратишга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин кеча, 11 июль куни бутун Украина аҳолиси учун Россия фуқаролигини соддалаштирган тартибда олишга рухсат берди.
Эндиликда Украинанинг исталган ҳудудида яшовчи одам миграция картасига эга бўлса соддалаштирилган тартибда Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилиниши учун ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Путиннинг 2019 йилдаги фармони билан ДХР ва ЛХР резидентлари учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганди. Жорий йилнинг май ойи охирида фармонга ўзгартиришлар киритилди, унга кўра Россия фуқаролигини соддалаштирилган шаклда қабул қилиш Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятлари аҳолисига ҳам татбиқ этилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси