Путин Қорабоғга 1 960 нафар ҳарбийни юборишни буюрди. Бу сафар мақсад – тинчлик
Олам
−
12 Ноябрь 2020
7368Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда тинчликни сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида фармонни имзолади. Унга кўра минтақага 1960 нафаргача Россия тинчликпарвар кучлари юборилади, контингент эса йилига камида икки марта алмаштирилади. Ҳужжат бугун, 12 ноябрь куни расмий ахборот порталида эълон қилинди.
Фармон Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг 9 ноябрдаги қўшма баёноти асосида Федерация кенгашининг “Россия Федерацияси Қуролли Кучларидан мамлакат ташқарисида фойдаланиш тўғрисида”ги 355-сонли қарорига биноан Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ва тинчликни сақлаш мақсадида имзоланган.
Фармонга биноан, "РФ Қуролли Кучларининг 1960 нафар ҳарбий хизматчилари Тоғли Қорабоғга юборилади.
Ҳарбий хизматчилар автоматик равишда узайтириш шарти билан беш йил муддатга (агар тегишли беш йиллик муддат тугашидан олти ой олдин Озарбайжон ва Арманистон эришилган келишувларга риоя қилишни тўхтатиш ниятларини билдирмасалар) юборилади. Тинчликпарвар контингент Тоғли Қорабоғ можароси зонасида, алоқа чизиғи бўйлаб жойлаштирилади.
Шу билан бирга, Президент Мудофаа вазирлигига Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар контингентининг шахсий таркибини йилига камида икки маротаба ротация қилишни ва ресурс тугаганлиги ва техник зарурият туфайли ҳарбий ускуналарни алмаштиришни буюрди. Федерал хавфсизлик хизматига Арманистоннинг Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ва Нахичеван автоном республикаси ўртасида фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг икки йўналишда тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминланишни назорат қилиш топширилди.
Шунингдек, Путин ҳукуматга ҳарбий хизматчиларни моддий қўллаб-қувватлаш ва пул нафақаларини тўлашни, шу жумладан уларнинг оила аъзолари қўшимча кафолатлар ва компенсациялар билан таъминлаш, тинчликпарвар кучларни фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришни буюрди.
9 ноябрь куни Президент Путин, Алиев ва Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Россия раҳбари, хусусан, Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида қолишини ва Россия Федерациясидан тинчликпарвар кучлар минтақага жойлаштирилишини айтди.
Озарбайжон президенти матбуот хизмати 10 ноябрь куни Озарбайжон ва Туркия раҳбарлари Илҳом Алиев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Тоғли Қорабоғ можароси атрофидаги вазият ва минтақада "Туркия-Россия тинчликпарварлик маркази"ни яратишни муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.
11 ноябрь куни Россия ва Туркия Қорабоғдаги сулҳни назорат қилиш марказини яратиш тўғрисида келишиб олдилар, меморандум Россия мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу ва Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар ўртасидаги видеоалоқа музокаралари натижасида имзоланди.
Тоғли Қорабоғ можароси
Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги навбатдаги қуролли тўқнашув жорий йилнинг 27 сентябрь куни бошланганди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилди.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.
Томонлар уч марта сулҳ тузди. Аммо уларнинг ҳеч бири муваффақиятли бўлмади.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги муҳим аҳамиятга эга Шуша шаҳрини озод қилиши билан ҳарбий ҳаракатларда туб бурилиш ясалди. Эндиликда Озарбайжон ҳарбийлари тўғридан-тўғри тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг маъмурий маркази Хонканди (Степанакерт)га ҳужум қилиши мумкин бўлиб қолди.
Орадан кўп ўтмай эса томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича сулҳга эришди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та туманни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
Шунингдек, Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари киритилади. Улар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи йўлакки жойлаштирилади. Расмий Баку тез орада назоратига ўтувчи Лочин тумани ҳудудида барпо қилинадиган йўлакдан ҳар икки томон фуқаролари хавфсиз ўтишини таъминлашга ваъда берди.