Тоғли Қорабоғ можароси якунига етяпти – Алиев халқига мурожаат қилди
Олам
−
10 Ноябрь 2020
9379Кеча, 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян томонидан Тоғли Қорабоғ бўйича имзоланган баёнот тарихий даражада муҳим ҳужжат. Бу ҳақда Илҳом Алиев халқига йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.
“Бугун мамлакатимиз учун тарихий кун. Бугун Тоғли Қорабоғ можароси якунига етяпти. Ўйлашимча,имзоланган уч томонлама баёнот муаммони ечишдаги сўнгги пункт бўлади”, деган Алиев.
Алиев қўшма баёнот видеоконференцалоқа шаклида берилганини ва уч давлат раҳбарлари биринчи босқичда баёнотни шу видеоанжуманда имзолаши кераклигини, аммо сўнгги дақиқада Пашинян бундан воз кечганини маълум қилди.
“Буни тушунса бўлади. Негаки, бу баёнот Арманистоннинг ҳарбий капитуляциясини англатади. Шу сабабдан бу баёнотни биз Россия Президенти билан видеоконференция шаклида имзоладик. Баёнот рус тилида тайёрланган. Бу ерда менинг имзойим бор, ҳужжат Россия элчисига берилди ва уни Россия давлат раҳбари ҳамда Арманистон Ҳукумати раҳбари ҳам имзолайди”, деган Алиев.
Баёнотда келтирилишича, 2020 йил 20 ноябргача Қорабоғдаги Агдам тумани Озарбайжонга қайтарилади.
Шунингдек, Россиянинг 1960 нафар ҳарбий, 90 нафар зирҳли транспорт, 380 та автомобиль ва махсус техникадан иборат тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга, қарама-қаршилик нуқтасига жойлаштирилади.
Россиянинг тинчликпарвар кучлари Арманистон кучлари чиқарилиши билан жойлаштирилади. РФнинг тинчликпарвар кучлари 5 йил давомида ҳудудда бўлади ва муддат тугашидан 6 ой аввал агарда томонлар мавжуд тартибга норозилик билдирмаса, яна 5 йилга узайтирилади.
Можаро иштирокчилари томонидан келишувларга риоя этилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида сулҳни назорат қилиш учун тинчликни сақлаш маркази ташкил қилинади.
Арманистон Келбажар туманини 15 ноябргача, Лочин туманини 1 декабргача Озарбайжонга қайтаради. Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи 5 километр кенгликдаги йўлак Россия тинчликпарвар кучлари назоратида бўлади. Бу йўлак Шуша шаҳри ҳудудидан ўтмайди.
3 йил ичида Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи янги йўлак қурилади. Озарбайжон Лочин коридори бўйича ҳар икки томон фуқароларининг транспортда эркин ҳаракатланишини таъминлайди.
Ўз навбатида Арманистон Мудофаа вазирлиги ва Бош штаби ушбу баённома шартларига риоя қилишини маълум қилди. Президент Армен Саркисян бу масала консенсус асосида ҳал этилиши кераклигини ва Пашиняннинг қароридан ОАВ орқали хабар топганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 ноябрь соат 00:00 дан Тоғли Қорабоғда ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди. Ҳарбий ҳаракатлар 27 сентябрь куни бошланганди. Тўқнашувларнинг бошланишида расмий Баку ва Ереван бир-бирини айблаган.
Минтақада уруш якунлангач, қочқинлар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги воситачилигида Тоғли Қорабоғга қайтарилади.
Маълумот учун, Арманистон Бош вазирининг ушбу баёнот имзолангани ҳақидаги хабаридан кейин Ереванда норозилик намойиши бошланди. Одамлар Ҳукумат ва парламент биносига бостириб кирди.