Агар Путин азалий рус ерларига даъво қилса, Россияни Мўғулистонга бериш керак – Лукашенко

Олам

−

visibility316 timer2 дақиқа

image

Агар Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинадаги уруш давомида Москва “азалий рус” ҳудудларини қайтариб олиши ҳақидаги мантиғига амал қилинса, унда Россиянинг ўзини Мўғулистонга қўшиб юбориш лозим. Бу ҳақда Беларусь резиденти Александр Лукашенко Франциянинг “Le Point” журналига берган интервьюсида гапирди.

“Бизнинг [славян халқларининг – таҳр.] ўрта асрлардаги – XI-XII асрлардан бошланган давлатчилигимиз ўша ердан, Киев Русидан келиб чиққан... Бугун эса мана бу ерлар қадимдан Россияники бўлган, деб гапириш... Қачонлардир улар Россияники бўлган. Худди шундай, чуқурроқ қаралса, Россия ерлари ҳам қачонлардир мўғул-татарларники бўлган. Эсингиздами? Унда бутун Россияни кимга, Мўғулистонга бериш керакми?” дея савол қўйган Лукашенко.

У Россия раҳбари буни “жуда яхши тушуниши”ни айтган. 

“Мен Путиннинг украин халқини инкор этганини ҳеч қачон эшитмаганман. У ҳатто Украина давлатини ҳам инкор этмайди. Бу унинг ички ишончи”, дейди Лукашенко ва Россия Президентини шунчаки “нотўғри тушинишаётганини” таъкидлаган. 

Қайд этиш жоиз, Путин Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари “азалий рус ерлари” эканини бир неча бор баён қилган. 2022 йил кузида Украинанинг тўртта вилояти қисман аннексия қилинганидан сўнг эса у “Донбасс ва Новороссия уйга, ўз бағрига қайтди”, дея таъкидлай бошлаган.

Лукашенконинг сўзларига кўра, у Москванинг “минтақа халқларининг биргаликдаги келажаги зарурлиги ҳақида”ги позициясини қўллаб-қувватлайди ва Кремлнинг хатти-ҳаракатларини қўшнилар суверенитетини инкор этиш деб қабул қилмайди. 

“У [Путин – таҳр.] аксинча, биз бирга бўлганмиз ва бирга бўламиз, деб айтмоқда. Мен ҳам шундай позициядаман”, дейди Беларусь резиденти. 

Шунингдек, унинг айтишича, XVIII-XIX асрларда Шарқий Украина ҳудудлари Россия давлати таркибида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ёзида Путин руслар ва украинларни бир халқ деб ҳисоблашини билдирган ва “бу маънода бутун Украина – бизники” дея қўшимча қилган эди. Бундан ташқари, Президентнинг сўзларига кўра, Россия армияси томонидан эгалланган барча ҳудудлар Москва мулкига ўтиши керак. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг