Европа Москва билан Украина бўйича музокара ўтказиш шартини маълум қилди
Олам
−
281 2 дақиқа
Европа делегацияси Москвага ташриф буюриш таклифидан хабардор, бироқ Европа хавфсизлиги масаласидаги музокаралар фақат Украинада ўт очиш тўхтатилганидан кейин бошланиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Европа комиссияси вакили Паула Пиньо бугун, 23 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Паула Пиньо Европа томони кўп томонлама учрашувларга эътибор қаратишда давом этишини ва фақат шу форматда иштирок этишга тайёрлигини билдирган.
Унинг қўшимча қилишича, Европа хавфсизлик архитектураси бўйича муҳокамалар фақат ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан кейин, НАТО ва Европа Иттифоқи давлатлари иштирокида бошланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 20 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Россия Украина можаросини ҳал қилиш масалаларини муҳокама этиш учун Франция, Германия ва Буюк Британия вакилларининг Москвага ташрифини кўриб чиқаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия томони дипломатик каналлар орқали таклифнома юборган ва ҳозирда Европа давлатларидан жавоб кутмоқда.
Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин Москва Европа Иттифоқи билан музокаралар ўтказишга қарши эмаслигини, бироқ аввал Европа томони ўз позициясини аниқлаштириб олишини исташини билдирган.
Бундан олдинроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина бўйича музокараларда иштирок этиш учун Европа тинчликни исташи кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар 2022 йилдан 2026 йил октябрь ойи ўрталарига қадар Украинага қарийб 231,5 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратганганлиги ҳақида хабар берилган эди. Шу даврда Европа давлатларидан Россияга энергия ресурслари, жумладан, газ учун 232,05 миллиард евро тўланган.
Live
Барчаси