Европа қишга газ захираларисиз кирмоқда: нархлар кескин ошди
Олам
−
577 2 дақиқа
Европада табиий газ нархи бир кунда 8,6 фоизга ошиб, бир мегаватт-соат учун 96 еврога етди. Бунга газ омборларидаги захираларнинг камлиги, мавсумий талабнинг ортиши ва ҳаво кескин совиши ҳақидаги прогнозлар сабаб бўлган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, бугун, 23 ноябрь куни газ фьючерсларининг асосий нархи 8,6 фоизга кўтарилган. Синоптиклар Европанинг шимоли-ғарбий қисмида совуқ об-ҳаво декабрь бошигача сақланиб қолишидан огоҳлантирмоқда. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати сўнгги 30 йилдаги ўртача кўрсаткичдан 3–5 даражага, декабрь бошида эса 5–8 даражага паст бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, Германия, Дания ва Нидерландияда шамол тезлиги пасайиши прогноз қилинмоқда. Бу эса шамол электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкин.
Европа газ омборларидаги захиралар ҳозирданоқ одатдагидан анча кам. Бундан ташқари, қитъага қувурлар орқали энг кўп газ етказиб берувчи Норвегияда таъминот билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда. Яқин Шарқда эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш сабаб газ экспорти чекланган. Маълум қилинишича, бу ҳафта Осиёда ҳам ҳаво совиши кутилмоқда. Бу эса суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб бериш бўйича рақобатнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, Европа бу йил қиш мавсуми учун етарли миқдорда газ захирасини тўплай олмаган. Аввалроқ, нашр ёз мавсумида АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш сабаб газ нархи кескин ошгани ҳақида хабар берган. Ўша вақтда ҳукуматлар ва компаниялар нархлар арзонлашишини кутиб, газ харид қилишга шошилмаган.
Бироқ можаро чўзилиб кетган. Куз бошига келиб, газ нархи бир йил аввалгига нисбатан икки баравар қимматлашган. Сентябрь ойида таҳлилчилар қиш мавсумида газ нархи бир мегаватт-соат учун 100 евродаn ошиши мумкинлигини прогноз қилган эди.
Live
Барчаси