Германияда 40 тоннали Карл Маркснинг боши очилади
Олам
−
11:03 122 2 дақиқа
Германиянинг Хемниц шаҳрида Карл Маркснинг 40 тоннали бронза ҳайкали ички тузилишини текшириш мақсадида очилади. Мутахассислар реставрация ишларидан олдин ёдгорликнинг ички конструкцияси ва техник ҳолатини ўрганади. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, баландлиги 7 метрдан ошадиган ҳайкални очиш ишлари келаси ҳафтага режалаштирилган. Кеча, 20 ноябрь куни эса ёдгорлик атрофида қурилиш ҳавозаларини ўрнатиш бошланган.
Мутахассислар бронза қобиқ пўлат каркасга маҳкамланганми ёки фақат болтлар ёрдамида бириктирилганми, деган саволга жавоб топиши керак. Ҳайкалнинг чизмалари сақланиб қолганига қарамай, унинг ички тузилиши ҳозиргача тўлиқ аниқланмаган.
Қайд этилишича, 1 июль куни мутахассислар ҳайкалнинг бириктирувчи чоклари таркибини аниқлаш ва бронза қисмларга зарар етказмасдан очиш технологиясини танлаш учун материал намунасини олган.
Мазкур ёдгорлик совет ҳайкалтароши Лев Кербель томонидан яратилган бўлиб, 95 та бронза қисмдан иборат. Унинг қисмлари Ленинградда қуйилган ва баландлиги 4,5 метр бўлган гранит пойдеворга ўрнатилган. Ҳайкал 1971 йил 9 октябрь куни, шаҳар Карл-Маркс-Штадт деб аталган вақтда очилган.
1990 йилда шаҳарга унинг тарихий номи Хемниц қайтарилгач, ҳайкални бузиб ташлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бироқ бу ташаббус шаҳар аҳолисининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаган. Шу йили ёдгорлик Саксония ҳудудидаги давлат муҳофазасига олинган маданий обидалар рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Нил дельтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси