Мусиала учинчи марта ҳушидан кетди

Спорт

−

visibility474 timer2 дақиқа

image

Германиянинг “Бавария” клуби ярим ҳимоячиси Жамал Мусиала сўнгги уч ой ичида учинчи марта ҳушидан кетди. Бу ҳақда “Goal” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, сўнгги ҳодиса ўтган кеча, 22 ноябрь куни содир бўлган. Бу ҳолат футболчининг неврологик касаллиги учун қабул қилаётган дори дозаси ўзгартирилганига қарамай юз берган. Мусиаланинг аҳволини кузатаётган шифокорлар учун дори воситасининг тўғри дозасини аниқлаш қийин кечмоқда. Шунга қарамай, футболчи жамоавий машғулотларнинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормаган.

Жорий йилнинг август ойида Мусиала ўртоқлик учрашувлари вақтида икки марта майдонда ҳушидан кетганди. Кейинчалик ярим ҳимоячининг неврологик касалликдан азият чекаётгани маълум бўлди. Жорий йилнинг сентябрь ойида эса у Германия терма жамоаси машғулотлари вақтида мушак жароҳатини олди.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 21 ноябрь куни сафга қайтди. У Бундеслиганинг “Кёльн”га қарши учрашувида захирадан майдонга тушди. Баҳс 1:1 ҳисобида якунланди.

Учрашувдан сўнг “Бавария”нинг собиқ бош директори, ҳозирда кузатув кенгаши аъзоси Карл-Хайнц Румменигге клуб Мусиала аввалги формасига қайтмаса, у билан хайрлашиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди. Футболчининг шартномаси ҳақида клубнинг фахрий президенти Ули Хёнесс ва бош директори Ян-Кристиан Дрезен ҳам фикр билдирган.

Халқаро профессионал футболчилар федерацияси (FIFPro) “Бавария” раҳбариятининг бу каби изоҳларини футболчига нисбатан босим сифатида баҳолади.

Маълумот учун, 23 ёшли Мусиаланинг “Бавария” билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзига қадар амал қилади. У мюнхенликлар сафида олтита Бундеслига чемпионлиги, Германия кубоги, 3 та Германия Суперкубоги, Чемпионлар лигаси, UEFA Суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Мусиала Германия терма жамоаси сафида 46 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг