Песков Россия Украинадан қачон армиясини олиб чиқишини айтди
Олам
−
13 Декабрь 2022
29415Йил охиригача Россия қўшинларининг Украинадан олиб чиқилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни журналистларга Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Кремль вакили Россия Федерацияси Украинадан қўшинларини 2022 йил охиригача олиб чиқишни бошлаш имкониятини кўриб чиқяптими, деган саволга жавоб берар экан.
Унинг таъкидлашича, тинчликка эришиш учун Россияга янги ҳудудларнинг кириб келишининг янги ҳақиқатларини ҳисобга олиш керак.
“Украина томони шу вақт ичида юзага келган воқеликни ҳисобга олиши керак. Бу воқеликлар Россия Федерациясининг янги субъектлари мавжудлигидан далолат беради, улар ушбу ҳудудларда бўлиб ўтган референдумлар натижасида пайдо бўлган”, дея таъкидлади Кремль вакили.
Унинг ишончи комилки, янги воқеликларни ҳисобга олмасдан туриб, [келишув бўйича] бирон-бир муваффақиятга эришиб бўлмайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Тан олинмаган Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича ноқонуний референдумлар 2022 йил 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Москвага кўра, сайлов бюллетенларини қайта ишлаш натижаларига кўра, ДХРда Россия Федерациясига қўшилиш учун 99,23%, ЛХРда – 98,42%, Херсон вилоятида – 87,05%, Запорожье вилоятида – 93,11% овоз берилган. 30 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган псевдореферендумлар якунлари бўйича нутқ сўзлади, шундан сўнг ҳудудлар раҳбарлари билан Россия таркибига кириш тўғрисида битимлар имзоланди.