Мантиқсиз қарор якуни, фаолиятини тугатган Шоҳжаҳон Эргашев, коррупцияга аралашган “Sevimli”... Бугун нималар бўлди?
Таҳлил
−
24 Январь 2022
14836Жамият
ЙПХ инспекторини калтаклаган фуқарога нисбатан жиноят иши очилди
Навоийда фуқаро ЙПХ инспекторини калтаклагани бўйича Жиноят кодексининг иккита моддаси билан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
ЙПХ инспектори ва фуқаро ўртасида содир бўлган жанжал юзасидан Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 140 (Ҳақорат қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Навбаҳор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда йўл ўртасида ўқ узган шахс иши судда кўрилди
Тошкентда фуқаро йўл ўртасида танишининг автомобилини тепиб, пневматик қуролдан ўқ узгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган материаллар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди.
Гап шундаки, 20 январь куни тахминан соат 11:35 ларда 1990 йилда туғилган З.С. (Spark русумли давлат рақами 01 B 292 WA бўлган автомобиль ҳайдовчиси) Мирзо Улуғбек тумани Феруза даҳаси Мирзо Улуғбек кўчасида йўлнинг қатнов қисмида ўзининг таниши 1985 йилда туғилган Г.А.ни кўриб қолган.
У билан олдиндан турмуш ўртоғини рашк қилиш оқибатида ўзаро келишмовчилиги бўлгани сабабли Г.А. билан ўзаро гап талашиб, унинг бошқарувидаги ВАЗ-21099 русумли 01 Т 738 NA бўлган автомобилнинг ғилдирагига тепиб, сўнг ёнида бўлган пневматик қуролдан автомобилга бир маротаба ўқ узган.
Андижонда $4 000 пора билан қўлга тушган МИБ ходимларининг бошлиқлари “учди”
Андижонда Мажбурий ижро бюроси ходимлари фуқародан 4 минг доллар пора олгани сабабли бюронинг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи ҳамда Андижон туман бўлими бошлиғи ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда МИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 14 январь куни фуқаро О.Қ.нинг аризасига асосан Андижон вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят прокуратураси ва Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўйича ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Кинематография агентлиги директори “Sevimli” фойдасини кўзлаб бюджетдан пул ажратгани тасдиқланди
Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Агентлик ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Фирдавс Абдухолиқов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. - Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи 70 фоиз, Рашидова А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг қизи 20 фоиз, Абдухаликов А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли – 10 фоиз) “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.
Мантиқсиз қарорнинг якуни. Экспресс-тест топшириш талаби бекор қилинди
Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2022 йил 25 январдан хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчиларнинг камида 48 соат олдин топширган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда, халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль (пиёдалар) ўтказиш чегара пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топширишлари талаби бекор қилинди.
Олам
Россия Украинада “қўғирчоқ” ҳукумат тузишга уринишда айбланди. Бунга Москванинг жавоби қандай?
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг Украинага бостириб киришидан кейинги режаларини эълон қилди. Россиянинг ҳарбий кучайиши шароитида Кремлнинг Украинада россияпараст сиёсатчини ҳокимият тепасига олиб келиш режаси алоҳида роль ўйнаши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.
“Бизда Россия ҳукумати Украинага эҳтимолий босқинчилик ва ишғол этиш тўғрисида қарор қабул қилиш орқали Киевда россияпараст етакчини ҳокимият тепасига олиб келишга уринаётганини кўрсатувчи маълумотлар бор”, дейилади баёнотда.
Ҳутийлар БААга ракета ҳужуми уюштирди
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Яман шимолидаги ҳукмрон “Ансоруллоҳ” (ҳутийлар) ҳаракати томонидан учирилган иккита баллистик ракетани тутиб олди ва йўқ қилди. Бу ҳақда БАА Мудофаа вазирлигига таяниб хабар берилган.
“Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳутий террорчи гуруҳи томонидан мамлакат томон учирилган иккита баллистик ракетани тутиб, йўқ қилганини маълум қилди ва ҳужумда ҳеч ким жабрланмаганини тасдиқлади”, дейилган хабарда.
Маълумотларга кўра, “ушлаб олинган ва йўқ қилинган баллистик ракеталарнинг қолдиқлари Абу-Даби амирлигининг айрим ҳудудларига тушган”.
Ғарб Украинадан тажриба майдони сифатида фойдаланмоқда – Захарова
Ғарб Украинадан минтақадаги ўз манфаатлари йўлида ва тажриба майдони сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова айтди.
“Ғарб Украинадан ўз манфаатларини кўзлаб, вазиятни беқарорлаштириш ва айрим жараёнларга таъсир ўтказиш учун фойдаланмоқда, бизни эса айбдор қилиб қўймоқчи”, дейди Захарова.
Шу билан бирга, Захарова бундай вазиятда Россиянинг “тажовузкорлиги” ва унинг халқаро ҳуқуқни бузганлиги тўғрисидаги далиллар йўқлигини таъкидлади.
Россияга айбловлар ёғдираётган Британия “юмшоқ жойи” борлигини эслади
Агар Ғарб Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга қарши янги санкциялар киритса, расмий Москва бунга жавобан Европага газ ва нефть етказиб беришдан қурол сифатида фойдаланиши, уларни чеклаши ва бу нархнинг рекорд даражада ошишига олиб келиши мумкин. “Times” нашрининг Британия ҳукуматидаги манбага асосланиб ёзишича, расмий Лондон воқеаларнинг бундай ривожидан хавотирда.
Қайд этилишича, Россия энергия ресурсларини етказиб беришни чеклашининг эҳтимолий оқибатлари бир қатор учрашувларда муҳокама қилинган. Вазирлар газ танқислигининг бевосита таҳдиди бўлмайди, лекин нархлар янги рекорд даражага кўтарилади, деган хулосага келишган.
Сурияда жанглар кучайди. ИШИД болаларни “тирик қалқон” қиляпти
ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳасака шаҳридаги жангларда 700 нафаргача вояга етмаган болалардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳақда “Сурия демократик кучлари” (SDF) альянси ахборот маркази хабар берган.
Таъкидланишича, Ал-Ҳасака шаҳрида SDF’нинг курд-араб қуролли гуруҳлари ва 20 январь куни 5000 га яқин террорчи сақланаётган қамоқхонага бостириб киришга уринган ИШИД жангарилари ўртасида жанглар давом этмоқда. Баёнотга кўра, ИШИД томонидан тирик қалқон сифатида фойдаланилган болалар ушбу гуруҳнинг ўсмир жангариларидир. Ҳибсга олингандан кейин улар қамоқхона ҳудудидаги махсус реабилитация марказида бўлган.
Тўқаев Махсус тезкор қўшинлар қўмондонлигини тузди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Махсус тезкор қўшинлар қўмондонлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Бундан ташқари, мамлакатда Махсус операциялар кучлари қўмондони лавозими ҳам жорий этилди.
Президент Тўқаев тегишли фармонини жорий йилнинг 19 январь куни имзолаган. Шу куни Қозоғистонда Мудофаа вазири алмаштирилди.
Россия Ўзбекистондан юборилган тонналаб маҳсулотларни ортига қайтариб юборди
Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) томонидан аниқланган қоидабузарликлар туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистондан олиб борилган ўнлаб тонна маҳсулотлар ортга қайтариб юборилди. Бу ҳақда “Россельхознадзор”нинг Ростов, Волгоград ва Астрахан вилоятлари ҳамда Қалмоқ Республикаси бўйича бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қоидабузарликлар жорий йилнинг 16-24 январь кунлари Астрахан вилоятидаги “Қораўзак” фитосанитария назорати постида аниқланган. Қоидабузарлик Қозоғистон ва Ўзбекистондан автомобиль йўли орқали олиб келинган оғирлиги 78 тоннадан ортиқ бўлган ўсимлик маҳсулотлари билан боғлиқ.
Спорт
“Челси” Лондон клублари рекордини янгилади
Кеча, 23 январь куни Англия Премьер лигасининг 23-тури доирасида “Челси” Лондондаги “Стемфорд Бриж” стадионида “Тоттенхэм”ни қабул қилди. Унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Шу тариқа “Челси” АПЛ доирасида ўзи иштирок этган 272 та Лондон дербисида 501 очко тўплади ва 500 лик довондан ўтган биринчи клубга айланди.
Жорий йилнинг 19 февраль куни жамоа навбатдаги дербида иштирок этади. “Аристократлар”нинг рақиби жанубий Лондоннинг “Кристал Пэлас” клуби бўлади.
Ўзбек клублари жаҳоннинг энг кучли жамоалари рейтингига киритилди
Футбол тарихи ва статистикаси Халқаро Федерацияси (IFFHS) 2021 йил якунларига кўра жаҳоннинг энг кучли клублари рейтингини эълон қилди.
Унда Қаршининг “Насаф” жамоаси 213-ўринни (89 очко) банд этган. “Аждарлар” ҳисобида 89 очко мавжуд.
Шунингдек, ушбу рўйхатдан Ўзбекистоннинг яна икки клуби – “Пахтакор” (283-ўрин, 75,5 очко) ва ОКМК (331-ўрин, 70,5 очко) жой олган.
Наҳотки?! Шоҳжаҳон Эргашев проф боксдаги фаолиятини якунлади
Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасининг енгилмас жангчиcи, ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев Instagram саҳифасида спортдаги фаолиятини якунланганини эълон қилди.
“Узоқ вақт уйда бўлмадим ва отам уйга келишимни сўради. Отам билан жуда ҳам кўп суҳбатлашдик, оз бўлса-да босиб ўтган йўлларимизни ёдга олдик. Мен 29 ёшдаман ва бугун биринчи маротаба отам спортдаги фаолиятимни якунлашимни сўради. Ҳамма нарсанинг боши ва охири бўлганидек, спорт ҳам абадий эмас. Мени қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннартдорлигимни билдираман. Ҳаётимда янги саҳифа очяпман”, дея ёзган Эргашев.
LiveБарчаси