Тўқаев Махсус тезкор қўшинлар қўмондонлигини тузди
Олам
−
24 Январь 2022
7419Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Махсус тезкор қўшинлар қўмондонлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Бундан ташқари, мамлакатда Махсус операциялар кучлари қўмондони лавозими ҳам жорий этилди.
Президент Тўқаев тегишли фармонини жорий йилнинг 19 январь куни имзолаган. Шу куни Қозоғистонда Мудофаа вазири алмаштирилди.
Аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда ҳарбий разведкани кучайтириш зарурлигини, бу эса мамлакат раҳбариятини ташқи ва ички таҳдидлар ҳақида ўз вақтида, ишончли маълумотлар билан таъминлаши кераклигини таъкидлаган эди.
“Давлат раҳбари фармонига мувофиқ ташкил этилаётган Махсус тезкор қўшинлар қўмондонлигига муҳим вазифа юкланган. Тез орада бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда барча ташкилий чораларни кўриш ва махсус операцияларни ўтказишга шайликни таъминлаш зарур”, дейилади 19 январь куни Оқўрда матбуот хизмати эълон қилган пресс-релизда.
Қозоғистондаги тартибсизликлар
2022 йилнинг илк кунларида Қозоғистонда ёқилғи нархи ошиши сабабли бошланган норозилик намойишлари тартибсизликларга айланди. Одамлар кўчаларга чиқди, Олма-отада ва бошқа баъзи шаҳарларда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар ва талончилик бошланди, жангарилар давлат муассасаларига ҳужум қилди. Мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди, ҳукумат истеъфога чиқарилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ёқилғи сотиш нархларини тартибга солишни буюрди, содир бўлаётган воқеаларни ташқи агрессия деб атади ва ёрдам сўраб КХШТ бўйича ҳамкорларига мурожаат қилди.
Ташкилот аъзолари Республикага маъмурий ва дипломатик биноларни қўриқлаш билан шуғулланувчи ҳамда маҳаллий ҳарбийларга ҳуқуқ-тартиботни сақлашда кўмаклашувчи коллектив тинчликпарвар кучларни юборди. Ҳозирда тинчликпарвар кучлар Қозоғистонни тарк этган.
Январь воқеалари натижасида 695 та жиноят иши қўзғатилган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 4578 киши жароҳатланган, 225 киши, жумладан, 19 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари ҳалок бўлган. БМТ мингга яқин яраланганлар ҳақида хабар берган.