Мантиқсиз қарорнинг якуни. Экспресс-тест топшириш талаби бекор қилинди
Жамият
−
24 Январь 2022
5919Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2022 йил 25 январдан хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчиларнинг камида 48 соат олдин топширган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда, халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль (пиёдалар) ўтказиш чегара пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топширишлари талаби бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 январидан бошлаб халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктларида мажбурий тарзда экспресс-тест топшириш тартиби жорий қилинганди. Аммо ПЗР тест натижаси бўла туриб, 5 долларлик экспресс-тест нега кераклигини расмийларнинг ўзи ҳам тушунтириб бера олмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идораларнинг ахборот бермагани, “Ўзбекистон аэропортлари” айтаётган қарор ҳеч қаерда эълон қилинмагани, ҳужжат ёпиқ эшиклар ортида, кимнингдир фойдаси учун қабул қилинган деган шубҳа уйғотиши айтилганди.
Ҳеч бир асос келтирмасдан жорий қилинган тартиб кўплаб фуқароларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Одамлар ҳукуматни асоссиз равишда халқнинг пулини олишда айблади.
Журналист Шоира Мирсодиқова Туркиядан қайтиб, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортидаги тартибсизлик, бошбошдоқликка ўз кўзлари билан гувоҳ бўлганини сўзлаб берди.
У икки марталаб навбат кутиб, экспресс-тест топширган бўлса-да, аэропортдан аниқ бир натижасиз кетганини айтиб, шикоят қилди. Негаки унга дастлаб, манфий натижа айтишган, кейин эса тест жавоби мусбатга алмашган. Бироқ шунга қарамай уни аэропортдан чиқариб юборишган.
Шоира Мирсодиқова бир кунда Тошкент аэропортига тахминан 20 тадан 30 тагача самолёт келиб қўнишини, ундаги йўловчиларнинг сони 150 тадан 300 гачани ташкил этишини таъкидлаб, ҳар бир йўловчидан 5 доллардан олинса, йиғилган маблағ бир неча рақамдан иборат суммани ташкил этишини урғулади.
LiveБарчаси