Кўзбўямачилик ортида ким бор? Туркиядан Тошкентга қайтган Мирсодиқова аэропортдаги бошбошдоқлик ҳақида бонг урмоқда
Таҳлил
−
19 Январь 2022
33119Аввалроқ, жорий йилнинг 15 январидан бошлаб Ўзбекистондаги барча халқаро аэропорларда экспресс-тест топшириш тизими жорий этилгани, у 5 доллар қийматида экани ҳақида хабар берган эдик. Республика махсус комиссиясининг қарори билан йўлга қўйилгани рўкач қилинаётган ушбу тизим қонунларга зид равишда фаолият юритаётгани бўйича қатор фактлар мавжуд. Маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарорлари ва йиғилиш баённомалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали Матбуотда ёритиб борилади. Бироқ, “Uzbekistan Airports” АЖ 11 январда ўтган йиғилишда қабул қилинган қарор деб исботлашга уринаётган ҳужжат бўйича ҳеч қаерда расмий маълумот йўқ.
Куни кеча журналист Шоира Мирсодиқова Туркиядан қайтди ва Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортидаги тартибсизлик, бошбошдоқликка ўз кўзлари билан гувоҳ бўлди.
Журналистнинг таъкидлашича, тест топшириш жараёнида на тиббиёт ходимлари ва на аэропорт масъуллари санитария ва карантин талабларига риоя қилган. Устига-устак аэропортда учиб келган йўловчиларни карантин талаблари доирасида қабул қилишга умуман шароит йўқ. Мирсодиқова самолёт трапидан то аэропорт ташқарисигача кўрган-кечирганларини бир лавҳада жам қилди ва YouTube’даги саҳифасига жойлаштирди. У шундай дейди:
“2022 йилнинг 15 январь кун Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича учиб келган йўловчилар қаторида мен ҳам бор эдим. Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида воқеани бошидан, яъни самолётдан тушганимиздан кейин бошламоқчиман. Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича парвозни амалга оширган самолёт ўз вақтида “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди. Саёҳат ва парвоз кўнгилдагидек ўтганидан хотиржам ва яхши кайфиятда эдик. Лекин самолётдан тушганимиздан кейин бизни паспорт назоратига олиб борувчи автобус мамлакатдаги карантин қоидаларига амал қилмай, йўловчилар билан зич тўла эканлигидан кўнглимиз хира бўла бошлади. Чунки йўловчиларнинг нафаси бир-бирига тегиб турар эди. Бу аслида кўнгилсизликларнинг бошланиши экан. Бинога кириб келгач, карантин талаб-қоидаларининг амалда умуман ишламаётганлигига гувоҳ бўлишингиз мумкин (тасвирларда акс этган)”, дейди журналист.
У сўзида давом этаркан, ҳукуматнинг нега тестни пуллик қилгани ва қўлида 48 соат давомида амал қилувчи ПЗР тести натижаси борлигига қарамай, яна тест топшириш мажбурий қилинганидан ҳайронлигини билдирди.
“Аслида ҳар бир йўловчининг қўлида ПЗР тести бўлишига қарамасдан, яна тест топширишга мажбур қилиндик. Тўғри, бу Ҳукуматнинг одамлар саломатлигини асраш мақсадида қилаётган саъй-ҳаракатидир. Лекин бунга аэропорт ҳудудида шароит яратилганлиги баҳсли масала (аэропортдаги одамларнинг норозилиги акс этган тасвирлар). Ҳукуматимиз халқимиз саломатлигига шунчалик қайғураётган экан, нега бу тест пуллик хизмат бўлиши керак?”, дея қўшимча қилди Шоира Мирсодиқова.
Барчамизга маълум хориждан келаётган Ўзбекистонга келаётганлар, аввало, “Тошкент” халқаро аэропортининг меҳмони бўлади. Кўп ҳолатда улар аэропортдаги ҳолатдан келиб чиқиб, мамалакатдаги вазиятга баҳо беради. Журналист мана шу каби бир қанча ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Учиб келган йўловчилар орасида турли давлатлар вакилларининг ҳам бўлиши шубҳасиз. Чунки аэропорт мамалакатнинг дарвозаси, у ердаги муносабатга қараб давлатга баҳо берилади. Қолаверса, йўловчиларнинг қўлида ўзбек сўми тугул, умуман пул бўлмаслиги ҳам мумкин. Мен ҳам қўлимда ўзбек сўми йўқлиги ва охирги 10 доллар қолгани боис навбатга туришга мажбур бўлдим. Пул алмаштиришга масъул бўлган банк ходими ниқобсиз бўлиб, гўё унга каратин талаб ва қоидаларининг дахли йўқдек кўринарди”, дейди Мирсодиқова.
Шунингдек, журналист экспресс-тест олиб, юзлаб одамлар билан мулоқот қилаётган тиббиёт ходимларининг ўзи ҳам карантин қоидаларига амал қилмаётганига гувоҳ бўлганини айтади. Қайд этишича, тиббиёт ходимлари, ҳатто, бир марталик қўлқопни тақишни борасидаги талабни ҳам писанд қилмаяпти. Бунга эътироз билдирган журналистга эса, “агар қўлқоп алмаштирсак, бу ердан 5 соатсиз чиқмайсиз”, деб жавоб қилган.
“Тест олаётган тиббиёт ходимлари бир марталик тиббий қўлқопни ўзимиз эсга солмагунимизча алмаштиришни хаёлига келтирмади. Ваҳоланки, ҳар бир йўловчидан тест учун олинаётган 5 доллар, яъни 50 минг сўмдан ортиқроқ маблағни ташкил этади. Қўлқопни алмаштирмаслик, шунингдек санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этилмаётгани ҳар қандай кишида вазиятга нисбатан ишончсизликни уйғотади”, дейди Шоира Мирсодиқова.
Мирсодиқова сўзида давом этаркан, у топширган тест натижаси дастлаб манфий, бироз ўтиб мусбат чиққанидан ҳайратдалигини билдирган. Тиббиёт ходимлари унинг коронавирусга чалинганини билса ҳам бошқалар қатори уйига кетишига изн берган. Агар коронавирусга чалинган ва чалинмаган беморларга тенг муносабатда бўлинса, тезкор чоралар кўрилмаса, ПЗР-тест ортидан экспресс-тест топширгандан нима наф? Бундай кўзбўямачилик кимга керак? Мақсад чўнтакни қаппайтиришми?
“Ниҳоят узоқ кутилган навбатим ҳам келди. Лекин тест олувчилар орасида ниқобсиз масъулларни кўргач, яна хунобимиз ошди. Хуллас, узоқ кутилган тестни топшириб, манфий натижада эканлигимга ишонч ҳосил қилгач, аэропорт биносидан ташқарига чиқдим. Бир пайт ортимдан кимдир чақирди, қарасам тест олувчи ходимлардан бири экан. У мен топширган тест мусбат чиққанини билдириш мақсадида, секингина “сиз ковидсиз” дея қулоғимга шивирлади. Қайси жавобга ишонишни ҳам билмай қолдим. Аввал манфий дейишди, кейин мусбатга айланди. Демак, мен 5 долларни ноаниқ маълумот олганим учун тўлабман-да. Ўзимни яхши ҳис қилишимга қарамай, бироз саросимага тушиб, энди нима қилай деб сўрадим. Шунда у ҳеч қандай асословчи маълумот тақдим қилмай, “оилавий поликлиникангизга мурожаат қилинг”, деди. Бу, албатта, кишининг кўнглида хавотир ва ташвиш уйғотиши тайин. Чунки оиламда уч нафар вояга етмаган болам бор”.
Журналист уйига қайтгач, қайта тест топширган ва бу сафарга тест жавоби манфий бўлиб чиққан.
Шоира Мирсодиқовага кўра, бир кунда Тошкент аэропортига тахминан 20 тадан 30 тагача самолёт келиб қўнади ва ундаги йўловчиларнинг сони 150 тадан 300 гачани ташкил қилади. Демак, ҳар бир йўловчидан 5 доллардан олинса, йиғилган маблағ бир неча рақамдан иборат суммани ташкил этиши аниқ.
“Қулоғимга келиб, касаллигимни шивирлаб, пинҳона айтган ходим менга ҳеч қандай асословчи маълумотнома ва йўриқномани бермай, бемалол шаҳарга чиқариб юборгандан кейин савол туғилади: ҳар қандай саъй-ҳаракат натижа учун хизмат қилмас экан, ҳар бир йўловчидан тест олишдан мақсад нима? Назаримда, ҳукумат қарорларининг ижросини бажаришда юзакиликка йўл қўйилиши худди оломонга томоша қўйилаётгандек тасаввур уйғотиши аниқ”, дея ҳайратланди воқеаларнинг реал иштирокчиси бўлган Мирсодиқова.
LiveБарчаси