Россияга айбловлар ёғдираётган Британия “юмшоқ жойи” борлигини эслади

Олам

image

Агар Ғарб Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга қарши янги санкциялар киритса, расмий Москва бунга жавобан Европага газ ва нефть етказиб беришдан қурол сифатида фойдаланиши, уларни чеклаши ва бу нархнинг рекорд даражада ошишига олиб келиши мумкин. “Times” нашрининг Британия ҳукуматидаги манбага асосланиб ёзишича, расмий Лондон воқеаларнинг бундай ривожидан хавотирда.

Қайд этилишича, Россия энергия ресурсларини етказиб беришни чеклашининг эҳтимолий оқибатлари бир қатор учрашувларда муҳокама қилинган. Вазирлар газ танқислигининг бевосита таҳдиди бўлмайди, лекин нархлар янги рекорд даражага кўтарилади, деган хулосага келишган.

“Баъзи мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Буюк Британия Россия газини деярли импорт қилмайди. Аммо, барча мамлакатлар сингари, биз ҳам улгуржи нархларнинг ошиши хавфи остидамиз, агар Россия етказиб беришни янада чекласа, бу жиддий муаммога айланади”, деган манбалардан бири.

Яқинда “Financial Times” газетаси Қўшма Штатлар Қатар ва бошқа йирик сиқилган табиий газ экспортчилари билан “Газпром”нинг Европага газ етказиб бериши Украинадаги вазият кескинлашгани сабабли тўхтатилган тақдирда фавқулодда вазиятларни режалаштириш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар тарқатганди. Бироқ, газета манбалари потенциал танқислик билан курашиш учун ҳеч қандай “сеҳрли таёқча” йўқлиги ҳақида огоҳлантирган, чунки Европа аллақачон энергия инқирози босими остида.

Аввалроқ, Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россияни Украинада ўзига содиқ одамни ҳокимиятга олиб келишни режалаштиришда айблаганди.

Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага  “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.

“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини  маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.

Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.

Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

759

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг