Канада Россия билан келишолмаётган Украинага “спецназ”ини юборди
Олам
−
18 Январь 2022
13554Канада махсус топшириқлар бўлинмасини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Бу ҳақда “Global News” нашри хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, Канада Украинага “спецназ”нинг кичик контингентини Россиянинг тахминан 100 000 ҳарбийси мамлакат чегарасида бўлгани учун жойлаштирган. Шунингдек, бундай қадам НАТО иттифоқчиларининг Россия агрессиясини тўхтатиш ва Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаш йўлларини аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.
Қайд этилишича, махсус кучларга юкланган яна бир вазифа Украинадаги вазият кескинлашган тақдирда канадалик дипломатларни эвакуация қилишдир.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Россиянинг Украинага “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.
LiveБарчаси