Россия Украина чегарасига ракета ва оғир техникаларини жойлаштиряпти – CIT

Олам

image

Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташимоқда. “Conflict Intelligence Team” (CIT)га кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган. CIT бундай хабарни ижтимоий тармоқларда тарқалган камида учта видео манбага асосланиб, эълон қилган.

CIT ўзининг Telegram каналига ракеталар ортилган поездлар акс этган 3 та видеони жойлаган. Видеоларнинг иккитаси 11 январь, биттаси эса 13 январь куни тасвирга олингани қайд этилган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, видеолар Россиянинг Узоқ Шарқ ва Урал ҳудудларида суратга олинган.

CIT’нинг “очиқ маълумотлар базаларидаги маълумотларга” таяниб хабар беришича, “Искандар” рекеталар комлексининг қисмлари ортилган поездлар Улан-Уде ва Биробижан ҳудудидан йўлга чиққан. Ушбу ҳудудлар яқинида Россиянинг 103 ва 107-ракета бригадалари жойлашган. Улар Россия Қуролли Кучларининг 36 ва 35-қўшма қуролли армиялари таркибига киради.

“Биз аввалроқ 107-ракета бригадасининг Украина томонга қараб ҳаракатланиб кетаётгани ҳақида маълумотларни эълон қилган эдик” дея қўшимча қилинган хабарда.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округдаги қурол-яроғларниинг поездларда Украина томон “тўсатдан олиб ўтилишини” ҳарбий шайликни текшириш ва Шарқий ҳарбий округдан узоқроқда жойлашган ҳарбий полигонда синовдан ўтказишга тайёргарлик дея изоҳлаган.

Журналистларнинг таъкидлашича, расмийлар тайёргарлик кўраётган “Восток-2022” ҳарбий машғулотларининг бошланишига ҳали 8 ой муҳлат бор. Иккинчидан Россия 2014 йилда Украинада инқилоб бўлишидан аввал чегара яқинида ҳарбийлар ва қурол- яроғини тўплаганида ҳам ўз хатти-ҳаракатларини машғулотларга тайёргарлик деб изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Оқ Уй Матбуот котиби Жен Псаки Россия қачон Украина ҳудудига бостириб кириши ҳақида маълум қилган эди. Унга қўра, Москва жорий йил январь-февраль ойларида ҳужум қилишни кўзламоқда.

“Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. Биз буни аввал ҳам кўрганмиз ва бу бизни 2014 йилга, жумладан, Украинани мамлакат шарқидаги Россия кучларига қарши ҳужумлар уюштиришда айблаш учун саботаж ва ахборот операцияларига қайтаради. Россия ҳарбий режалари январь ва февраль ўрталарида бошланиши мумкин бўлган ҳарбий босқиндан бир неча ҳафта олдин бундай фаолиятни бошлашдан иборат”, деган Псаки.

Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

679

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг