Буюк Британия элита бўлинмаси жангчиларини Украинага юборди

Олам

image

Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди. Улар Шарқий Европа мамлакати ҳарбийларига яқинлашаётган Россия “босқини” олдидан Буюк Британия ҳадя қилган янги танкка қарши воситалардан фойдаланишни ўргатади. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.

Сара жангчилар Буюк Британия Украинага 2000 та танкка қарши ракета совға қилиши ортидан ушбу мамлакатга юборилди.

“Улар (ракета) мудофаа учун фойдаланилиши керак. Британия ҳарбий бўлинмасининг кичик гуруҳи “Орбитал” операцияси доирасида дастлабки тайёргарликни ўтказади. Улар вазифаси якунлангач, Буюк Британияга қайтади”, деган Мудофаа вазири Бен Уоллес.

Нашрнинг ёзишича, Британия Украинага кўрсатилган ёрдам Россияга хавф туғдирмаслигини таъкидламоқда.

“Аниқлик киритишимга ижозат берсангиз: бу қурол яқин масофада мудофаланиш учун мўлжалланган. У стратегик қурол эмас ва Россияга таҳдид солмайди”, деган Мудофаа вазири.

Аммо Россия бу ҳаракатга шубҳа билан қарамоқда. Россиянинг Британиядаги элчихонаси Twitter’да шундай муносабат қолдирган:

“Буюк Британиядан Украинага қирғин қуролининг етказиб берилиши инқирозни авж олдириши кундек равшан”.

“Орбитал” операцияси –Россия Қримни аннексия қилганидан кейин Британия томонидан 2015 йилда Украинада ташкил қилинган машқ миссияси.

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтиб ўтганди.

Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг