Лукашенконинг янги “шедеври”, уламоларга дакки берган Давлетов, Spark чиқаришни тўхтатган GM – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
07 Февраль 2022
9311Жамият
Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси бош инспектори ЙТҲда ҳалок бўлди
Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси бош инспектори М.Х. йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ДСБ маълум қилди.
Жорий йил 4 февраль куни у ўзининг Lacetti русумли автомашинасида ЙТҲна учраган.
“Воқеа ҳақида хабар топгач, дарҳол бошқарма раҳбарияти ва бўлимдаги ходимлар дастлаб воқеа жойига, ундан сўнг эса Республика шошилинч тиббиёт илмий маркази Фарғона филиалига етиб бордилар ҳамда бахтсиз ҳодисага учраган ходимнинг ёнида бўлиб, имкон қадар ёрдам кўрсатдилар. Афсуски, тиббиёт ходимлари томонидан тезкорлик билан кўрилган чораларга қарамай ушбу ходим вафот этди”, дейилади бошқарма хабарида.
Бухорода икки қишлоқ фуқаролари оммавий жанжаллашди
Бухорода икки қишлоқ фуқаролари ўртасида ўтказилган футбол ўйини оммавий муштлашувга айланиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг 5 февраль куни тахминан соат 16:00 ларда Жондор тумани “Нурафшон” маҳалласининг “Мохон” қишлоғида жойлашган стадионда “Тобагар” ва “Чандир” қишлоқлари фуқаролари ўзаро футбол ўйини ўтказилган. Ўйин вақтида икки томон ўртасида жанжал юз берган.
Қашқадарёда ҳоким ўринбосари $50 000 пора билан ушланди
Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев пора билан қўлга тушди.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, мансабдор 50 минг АҚШ доллари билан ушланган.
Ҳоллат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Ўзбекистонда TikTok’ни блоклаш керакми? Сўз Адлия вазирига
Бундан бир неча кун аввал жамиятдан бошқа муаммо қуриб қолгандек, “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини буткул блоклаш бўйича талаб билан чиқди. Ушбу масала ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Мавзу бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида ҳам кун тартибига чиқди.
Давлетовнинг фикрича, Ўзбекистонда TikTok’ни блоклаш ҳеч қандай самара бермайди.
“Ўзим ҳам “Адолат” партиясиданман. Ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдориман. Сабаби, тарихда ҳам ахборотни чеклаш жуда кўп бўлган. Блоклаш нима дегани ўзи? Техник нуқтаи назардан бунинг имконияти борми? Блоклаб қўйилди ҳам дейлик, VPN орқали фойдаланишади-ку. Жуда зўр ва бепул функциялари бор. Биласизми, ҳар куни қанчадан қанча янги дастурлар чиқади. Жаҳолат бўлса, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак. Бошқа жойда TikTok’дан ёмон контент йўқми? Интернетда бошқа бўлмағур сайтлар йўқми? Агар бўлмаса, қаердан диний экстримизм кучаймоқда? Қаердан бу пропаганда бўляпти? Ахборотни блоклаш ёки бошқа қилиш, техник нуқтаи назардан жуда қийин масала. Шунинг учун, ўйлайманки, бу ҳеч қандай самара бермайди”, дейди Давлетов.
Онлайн қимор ўйновчилар ҳам жавобгарликка тортилади – Давлетов
Онлайн тарзда қимор (тотализатор – таҳр.) ўйновчилар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов матбуот анжуманида маълум қилди.
“Қимор масаласи жамиятнинг катта муаммосига айланмоқда. Ҳозир бу борада онлайн муаммога дуч келамиз. Блоклаш қанчалик бизнинг қўлимиздан келади? Блокласак, VPN орқали уланиш мумкинми, йўқми? Албатта, уланиш мумкин. Лекин уларнинг ҳаммасининг ресурси чет элда жойлашган. Техник нуқтаи назардан жуда қийин. Серверлар Ўзбекистонда бўлсин дейсиз, лекин бунинг имконияти йўқ-ку. Катта-катта давлатлар серверларини ўз давлатига келтира олмаяпти. Шунинг учун биз бу соҳани жуда қаттиқ назорат қилиш тарафдоримиз”, дейди Давлетов.
Талабаларнинг контрактни тўлаш муддати узайтирилди
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабалари учун тўлов-контракт шартномасини тўлаш муддати узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги маълум қилди.
“Кўпчилик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, олий ва профессионал таълим муассасаларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда Республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчилар ўқиши учун контракт миқдорини тўлашнинг сўнгги муддати 2022 йилнинг 1 марти этиб белгиланди”, дейилади вазирлик хабарида.
Бу ижтимоий хавфга эга – Адлия вазири гап отишга жавобгарлик ҳақида
Аввалроқ, Адлия вазирлиги ташаббуси билан қонунчиликда аёлларга гап отиш ёки уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Ушбу мавзу бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида яна муҳокама қилинди.
“Гап отганлик бўйича жавобгарликни диспозиция дедик. Бу борада аниқ хатти-ҳаракат ва қайси ҳолатда жавобгарлик келтириб чиқаришига эҳтиёт бўлиш керак. Чунки, у ерда туҳмат ҳам бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун диспозициясини, яъни жавобгарликни биз энди ишлаб чиқдик. Вазирлик ишчи гуруҳи ишлаб чиқди. Энди вазирликларга берамиз. Шунинг учун бу масалани аниқ қилиб, албатта, жамоатчиликнинг муҳокамасига берамиз. Лекин бу бизга, албатта, керак. Чунки, бу жамиятимизда хавфга эга бўлган хатти-ҳаракатдир. Бунга давлат сифатида жавоб қилишимиз керак”, дейди Адлия вазири.
Жим турамиз, ақллилик қилмаймиз – Адлия вазири уламоларга дакки берди
Жорий йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаевнинг Хоразм ва унинг одамлари ҳақидаги фикрлари кескин муҳокамаларга сабаб бўлиб, бунинг ортидан Солихон домла ишдан олинди.
Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида диний соҳа вакилларининг баҳсли фикрларига муносабат билдирди.
Вазир аввало 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янгилангани, унга яхши-яхши нормалар киритилгани ва буни жамият ҳам яхши қабул қилганини таъкидлаб ўтди.
Mercedes Benz, чиройли рақам, қорайтирилган ойна... Ҳукуматдагиларнинг “шохи” борми?
Ҳукуматнинг хизмат автомобиллари учун сотиб олинадиган чиройли рақамлар, уларнинг “тонировкаси” учун бюджетдан бир тийин ҳам пул ажратилаётгани йўқ. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
“Қиммат машиналар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Ҳозир маълум чекловлар белгиланди. Бу ҳам жуда яхши бўлди. Мен бу масала 3-4 йил олдин кўтарилиши керак, деб ўйлаб тургандим. Шу кунгача маза қилиб машиналарда юриб қолдик. Лекин энди бу масала Вазирлар Маҳкамаси қарори билан киритилди. Бу жуда тўғри ва жараённи янаям тезлаштириш тарафдоримиз. Ҳукумат аъзоларига қандай машиналар берилган бўлса, бизга ҳам шундай берилган. Биттасини сотиб олганмиз. Биттаси ҳукуматдан ягона ёндашув асосида берилган. Бу ерда ҳам тўғри масала қўйиляпти. Ўзбекистоннинг иқтисоди ва аҳолининг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда, шунга яраша юриш керак. Ўйлайманки, бу соҳадаги чекловлар яна ҳам кучаяди.
Биттаси қиммат машина сотиб олса, ҳамма дарров бу мавзуни кўтарилиб чиқяпти-ку. Олдин шу йўқ эди-ку. Бу давлат харидлари ва шартномаларни очиқ қилганимизнинг ортидан бўляпти, яъни давлат бундан манфаатдор”, дейди Адлия вазири.
Олам
“Учинчи жаҳон уруши бошланиб бўлган”. Унда ким мағлуб бўлаётгани айтилди
Америка Қўшма Штатлари бошланиб бўлган “Учинчи жаҳон урушида” Хитойга ютқазмоқда. Бу ҳақда америкалик сиёсатшунос Майкл Рейган таъкидлаган. Унинг сўзлари “Daily Freeman” нашрида чоп этилган.
Сиёсатчига кўра, Украинани Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун АҚШ Европага қўшин жўнатиши шарт эмас эди. Бунинг ўрнига “Шимолий оқим” ёпилиши ва Keystone қувури очилиши ҳамда Хитой таҳдидига қарши курашиш керак эди.
Рейган Хитой Халқ Республикаси катта ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини таъкидлаган.
2021 йилда Россия ўзбекистонликларга қанча меҳнат патенти сотгани очиқланди
Ўтган йили Россияда берилган меҳнат патентларининг ярмидан кўпи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг миграция ҳолати бўйича кўрсаткичларидан келиб чиқиб хабар берилган.
Агентлик маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида 2 миллион 221 минг 826 та меҳнат патенти берилган, шундан 1 миллион 316 минг 569 таси Ўзбекистон фуқароларига, 787 мингтаси Тожикистон фуқароларига, қарийб 65 мингтаси Озарбайжон фуқароларига берилган. Бундан ташқари, Украина (37 минг) ва Молдова (17 минг) фуқароларига ҳам берилган.
Байден Путин ҳузурига борадиган Макронга “сим қоқди”
АҚШ ва Франция Президентлари Жо Байден ҳамда Эммануэль Макрон кеча, 6 февраль куни телефон орқали Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Суҳбат Франция давлати раҳбарининг Москвага ташрифи арафасида бўлиб ўтган.
“Раҳбарлар Россиянинг Украина билан чегарасида давом этаётган вазиятга жавобан дипломатик ва олдини олиш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилди ҳамда Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади Оқ уйнинг суҳбатдан сўнг эълон қилган баёнотида.
Украина уруш бошласа, Беларусь нима қилади? Лукашенко жавоб берди
Агар Украина Донбасс ҳудудидаги сепаратистларга қарши уруш бошласа, Беларусь армияси худди Россия армияси каби ҳаракат қилади. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
“Агар улар [Украина] бизга ёки Россияга қарши курашни бошласа, биз ўзимизни ҳимоя қилиш учун курашамиз”, дейди Лукашенко.
Донбассга қарши жанговар ҳаракатлар содир бўлган тақдирда Беларусь армияси ўзини қандай тутиши ҳақидаги саволга у шундай жавоб берган: “Худди Россия каби.”
Ўзини Президентнинг қариндоши деб таништирган фирибгарлар қўлга олинди
Қирғизистонда ўзларини Президент Садир Жапаровнинг қариндошлари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиевнинг яқинлари сифатида таништирган фирибгарлар қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази маълум қилган.
Расмий маълумотга кўра, гумонланувчилар давлат божхона хизмати ва давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларини қўрқитиб, ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этувчи жисмоний шахсларга, шу жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар импортёрларига ҳомийлик қилгани аниқланган.
GM Spark ишлаб чиқаришни тўхтатади
Американинг General Motors компанияси Spark русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берган.
Қайд этилишича, General Motors ўтган йилда ушбу моделнинг сотуви кескин пасайиб кетганини ва шу сабабли ишлаб чиқаришни тўхтатишга қарор қилган.
Маълум бўлишича, Spark русумли автомобиль жорий йилдан бошлаб ишлаб чиқарилмайди.
Ўзингники ўзагингни қирқар. Тўқаев Назарбоевни ҳуқуқлардан маҳрум қилди
Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт-Тўқаев мамлакат биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон Халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.
Қонун билан “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши”, “Қозоғистон Халқи ассамблеяси тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритилган. Унда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон Халқ ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишлар киритилган.
Лукашенко Зеленскийни ҳақорат қилди
Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Украина Президенти Владимир Зеленскийни “бошсиз” деб атади. Бу ҳақда у “Соловьёв Live” каналига берган интервюсида айтиб ўтган.
Лукашенконинг сўзларига кўра, Зеленскийдан Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужум ҳақидаги баёнотлари туфайли кўнгли қолган.
“Зеленский, мени кечир, мен сени биринчи маротаба бошсиз деб атайман. Мен унинг бундай йўл тутишини кутмаган бўлсам ҳам, у “йўқ, йўқ, уруш бўлмайди, уруш бўлмайди” деб бақиришни бошлади. Бироқ уни уруш бўлади, биз (Россия ва Беларусь) ҳужум қиламиз деган сўзларни айтиши учун ҳаракат қилишмоқда”, дейди Лукашенко.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь