Ўзбекистонда TikTok’ни блоклаш керакми? Сўз Адлия вазирига
Жамият
−
07 Февраль 2022
9925Бундан бир неча кун аввал жамиятдан бошқа муаммо қуриб қолгандек, “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини буткул блоклаш бўйича талаб билан чиқди. Ушбу масала ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Мавзу бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида ҳам кун тартибига чиқди.
Давлетовнинг фикрича, Ўзбекистонда TikTok’ни блоклаш ҳеч қандай самара бермайди.
“Ўзим ҳам “Адолат” партиясиданман. Ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдориман. Сабаби, тарихда ҳам ахборотни чеклаш жуда кўп бўлган. Блоклаш нима дегани ўзи? Техник нуқтаи назардан бунинг имконияти борми? Блоклаб қўйилди ҳам дейлик, VPN орқали фойдаланишади-ку. Жуда зўр ва бепул функциялари бор. Биласизми, ҳар куни қанчадан қанча янги дастурлар чиқади. Жаҳолат бўлса, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак. Бошқа жойда TikTok’дан ёмон контент йўқми? Интернетда бошқа бўлмағур сайтлар йўқми? Агар бўлмаса, қаердан диний экстримизм кучаймоқда? Қаердан бу пропаганда бўляпти? Ахборотни блоклаш ёки бошқа қилиш, техник нуқтаи назардан жуда қийин масала. Шунинг учун, ўйлайманки, бу ҳеч қандай самара бермайди”, дейди Давлетов.
“Адолат” СДПга кўра, керак бўлса жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги TikTok сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклаш лозим.
“Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку” дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган ТикТок билан “тиктокерлар”имиз ВПН иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади”, дейилади “Адолат” СДП баёнотида.
LiveБарчаси