Жим турамиз, ақллилик қилмаймиз – Адлия вазири уламоларга дакки берди
Жамият
−
07 Февраль 2022
28641Жорий йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаевнинг Хоразм ва унинг одамлари ҳақидаги фикрлари кескин муҳокамаларга сабаб бўлиб, бунинг ортидан Солихон домла ишдан олинди.
Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида диний соҳа вакилларининг баҳсли фикрларига муносабат билдирди.
Вазир аввало 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янгилангани, унга яхши-яхши нормалар киритилгани ва буни жамият ҳам яхши қабул қилганини таъкидлаб ўтди.
“Диний ташкилотлар фаолияти тўғрисида бир икки оғиз айтиб ўтиш керак. Имомларни жуда ҳурмат қиламиз. Ҳар хил фикрлар билдириб, бу фикрлар жамиятда муҳокама бўлмоқда. Биз ҳуқуқшунос бўлганимиз учун ҳуқуқий томонига эътибор қаратишимиз керак”, дейди Давлетов.
Вазир ахлоқий масалаларнинг чегараси йўқлигини, жамиятда ахлоқий стандартлар турли-туман бўлишини урғулади. Шунинг учун у энг тўғри ўлчов деб қонунлар эканини кўрсатиб, шундай деди:
“Ҳуқуқшунослар ҳар доим адашмайдиган виждон ўлчови қонунга бўйсунамиз. Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб “у ишни қилса бундай, бу ишни қилса бундай бўлади”, “уйга кирманг” ёки вилоятлар ҳақидаги гапларга биз чидолмаймиз. Ҳуқуқ нуқтаи назаридан бу мумкин эмас. Диний ташкилотлар бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ”.
Амалдор бундай фикр билдириш аввало ўша гапни айтаётган инсонлар кимларгадир ҳукм ўқиб қўяётгани учун мумкин эмаслигини урғулади.
“Муфтий ҳазратлари бу ҳолатни жуда чиройли қилиб тушунтириб бердилар. Ҳеч кимни одамларга тамға босишга ҳуқуқи йўқ. Одамлар хоҳласа динга ишонади, хоҳламаса йўқ. Балки тарки дунё қилиб яшашни танлар. Бу ҳар бир одамнинг конституциявий ҳуқуқи. Шу сабабли ҳам қонунда белгиланган ҳуқуқлар, қонунда белгиланган кафолатларни ижтимоий мақомидан қатъи назар, чиқиб инкор қила олмайди. Бу сигнални барча диний ташкилот ва домлаларимизга етказишни истардик”, дейди Русланбек Давлетов.
У сўзида давом этиб, Адлия вазирлиги бу фаолиятни назорат қилишини, идорада жавобгарликка тортиш ёки тақдимнома киритиш функцияси ҳам бор эканини эслатган.
“Бу масалаларда ҳаммани фикрини бир жойга олиб келиб бўлмайди. Қонунда ҳам ҳамма ўзи танлайди деб ёзилган. Бекорга виждон эркинлиги деб ёзилмаган. Ҳар бир одам виждони олдида ўзи жавоб беради. Бўлмаса ахлоқий полиция қилайлик. Юбкаларни узун калталигини ўлчайлик. Буни охири бўлмайди. Ўнг оёқ, чап оёқ, ўнг қўл чап қўл бўлиб кетади ҳамма жой. Ҳаммада ёндашув ҳар хил. Ахлоқий нуқтаи назардан гапиришга ҳаққим йўқ. Мен ҳуқуқий томондан давлат органи сифатида гапиряпман. Бу борада ҳам қаттиқ ишлаймиз ва йўл қўймаймиз”, дея изоҳ берган вазир.
Давлетов киши ўзи мутахассис бўлган соҳада фикр билдириши кераклиги, малакаси етмаган ўринларда сукут сақлаши тўғри бўлишини қайд этган.
“Домлаларимиз ҳар хил соҳада гапиради. Ўзи одам ҳамма соҳада мутахассис бўла олмайди. Мен ҳам ҳуқуқ соҳасининг айрим йўналишларини биламан. Қолганлари бўйича биз ҳам жим турамиз. Чунки малакамиз етишмайди, шунинг учун ақллилик қилмаймиз. Дэвид Фриман деган олим шундай деган: “Дўзахга кириш-кирмаслик танловини одамларнинг ўзларига қўйиб беринг”. Бу катта олимлар бекорга айтмаган. Жамият ривожланиши учун катта аҳамиятга эга. Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчовга қўйишга йўл қўймаймиз”, дея сўзини якунлади вазир.
LiveБарчаси