Ҳидоятов даврида 781 гектар ер Президент фармонига хилоф равишда бериб юборилгани айтилди
Жамият
−
04 Февраль 2022
15438Айни вақтда Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимида ишлаётган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳоким бўлиб ишлаётган даврида масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 781 гектар ер майдони Президент фармонига хилоф тарзда ажратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенатнинг 23-ялпи мажлисида маълум қилди.
“Ўзбекистонда ер ажратиш аллақачон аукцион орқали амалга ошириш тизимига ўтганига қарамай, барибир тўғридан тўғри ер ажратишга ҳаракатлар бўлмоқда”, дейди Русланбек Давлетов.
Унинг қайд этишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 йилнинг октябрь ойида 781 гектар ерни тўғридан тўғри ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган.
“Жуда катта тушунтирилди, мумкинмас дейилди, ҳаммаси олиб қўйилди, қўлидан регистрация китоблари ҳам олиб қўйилди. 781 гектар ер майдонини бир МЧЖга шундоқ бериб юборяпти. Ҳар хил баҳоналар: бириктириб қўйиш, вақтинча фойдаланиш, бериб туриш.
Биз ҳозир шу қарор бўйича судлашяпмиз, тақдимнома киритдик, бекор қилинмади. Барибир ҳаммасини охирига етказамиз”, дейди вазир Давлетов
Давлетовга кўра, “E-qaror” тизими ишга тушгандан кейин ҳам 150 та ҳолатда тўғридан тўғри ер бериш ҳолатлари аниқланган. У бу ҳолатларнинг ортидан тушганини, ҳаммасини жой-жойига қўйишини айтди.
Маълумки, 2021 йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган:
• ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;
• туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
• суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
• жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
• хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
Қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинди.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрь куни Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилиб, Чирчиққа “сургун” қилинди. Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Зойир Мирзаев эса Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди.