Киевда 3 ойдан кейин яна комендантлик соати жорий этилди

Олам

image

Украинанинг Киев вилоятида ҳар куни эрталаб соат 23:00 дан 05:00 гача амал қиладиган комендантлик соати жорий этилди. Бу ҳақда бугун, 25 июнь куни вилоят маъмурияти маълум қилди.

“Киев вилояти ҳудудида ҳар куни соат 23:00 дан 05:00 гача комендантлик соати амал қилади”, дейилади вилоят маъмурияти хабарида.

Қайд этилишича, комендантлик соати кўчада бўлиш, жамоат жойларига бориш, аҳоли пунктлари бўйлаб транспорт ёки пиёда юришни тақиқлашни назарда тутади. 
Бироқ, комендантлик соати жорий этилиши сабаблари тушунтирилмаган.

Маълумот учун, дастлаб Киев вилояти давлат маъмуриятининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида 26 июнь куни соат 23:00 дан 3 июль куни соат 05:00 га қадар ҳудудда комендантлик соати жорий этилгани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Аммо бир неча дақиқадан сўнг хабарга ўзгартириш киритилди ва комендантлик санаси ўчирилди.

Аввалроқ, кучайтирилган комендантлик соати Киевда 26 февраль куни соат 17:00 дан 28 февраль куни соат 08:00 гача жорий этилганди. Бундан ташқари, 15 мартдан 17 март кунигача ҳам комендантлик соати ҳам эълон қилинганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made