Қозоғистонни ҳеч қанақасига бериб қўймаймиз – Лукашенко

Олам

image

Қозоғистонда экстремистлар КХШТ қўшинларини олиб ўтишнинг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги аэропортларни эгаллаб олган. Бу ҳақда Беларусь Президенти Александр Лукашенко сўз очди. 

“Ёндирилиши мумкин бўлган ҳамма нарса ёқиб юборилди, аэропорт қўлга олинди, атайлаб. Олма-отада ҳам, Нур-Султонда ҳам аэропортни эгаллаб олишга уриниш бўлган. Мақсадли”, деган Лукашенко. 

Унинг тушунтиришича, радикаллар у ерга ҳеч ким қўна олмаслиги учун аэропортларни ўз назоратига олган. Шунингдек, Лукашенко Қозоғистондаги вазият бўйича маслаҳатлашувлар тун бўйи давом этганини айтган. 

“Кеча тун бўйи маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, бу борада биз (Россия Президенти Владимир) Путин билан вазиятни кузатдик”, деган у. 

Лукашенконинг айтишича, Украина билан бўлгани каби Қозоғистонни ҳам бериб бўлмайди. 

“Биз жуда яхши тушунамизки, Қозоғистонни ҳеч қанақасига бериб бўлмайди”, деган у. 

Шунингдек, Лукашенко Қозоғистонда тартибни сақлашга Беларусь Қуролли Кучларининг тинчликпарвар ротаси жалб этилишини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга жўнатилди, Россия контингентининг илғор бўлинмалари ўз вазифаларини бажаришга киришди. Тинчликпарвар кучлар таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон Қуролли Кучлари бўлинмалари кирган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

453

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг