Мирзиёев қасамёди, Кремлни огоҳлантирган МРБ, жудоликка учраган Юлдуз Усмонова... Бугун нималар бўлди?
Жамият
−
06 Ноябрь 2021
37303Жамият
Самарқандда мансабдорлар раҳнамолигидаги жиноий гуруҳ фош қилинди
Самарқандда мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари раҳнамолигида аҳолига ажратилган газни талон-торож қилган жиноий гуруҳ фош қилинди.
Кеча, 5 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган “Самарқанд газ тўлдириш станцияси”дан сурункали равишда “Нуробод газ сервис” МЧЖга қарашли “DAF” русумли 20 тн сиғимли юк автомашинасида аҳоли хонадонларига ажратилган имтиёзли нархдаги суюлтирилган углеводородли газни яширин равишда талон-торож қилиб келган жиноий уюшма фаолияти фош этилди.
Қашқадарёда Lacetti тепловоз билан тўқнашди
Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилоятининг Косон туманида тепловоз ва Lacetti иштирокида йўл-транспорт ходисаси содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ ЙҲХББ мазкур ЙТҲ бўйича расмий маълумот берди.
Унга кўра, ЙТҲ жорий йилнинг 4 ноябрь куни соат 20:00 ларда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Мудин қишлоғи ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 149-километрида юз берган. Ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган С.Т. Lacetti русумли автомобилни бошқараётиб, темир йўл кесишмасига чиқиб кетиши оқибатида “Бухоро-Қарши” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган юк ташувчи тепловоз билан тўқнашган.
Навоийда 16 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаган аёл ушланди
Навоий вилоятида аёл ўз хонадонида қизларни сақлаб, одам савдоси, фоҳишалик ва қўшмачилик жиноятларини содир этиб юргани аниқланди.
Таъкидланишича, Навоий шаҳрининг Низомий кўчасидаги кўп қаватли уйда яшайдиган 1982 йилда туғилган аёл қизларнинг икки нафарини 1 суткага ҳар бирини 1 миллион сўмдан яқин алоқада бўлиш учун сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ўзбекистонга ёпирилган чанг бўроннинг “спутник”дан олинган сурати эълон қилинди
Кеча, 5 ноябрь куни куннинг биринчи ярмида сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар эълон қилинди. Унда чангли ғубор Ўзбекистон ва унга ёндош ҳудудларни қоплаб олганини кўриш мумкин.
Сунъий йўлдошдан олинган суратлардан чанг-ғубор ҳодисаси билан боғлиқ хиралик Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари, Тожикистоннинг қўшни Сўғд, Тошкент, Сирдарё, қисман Жиззах ҳамда Фарғона водийси вилоятлари атмосферасини булут мисол қоплаб олганини кўриш мумкин.
Мирзиёев Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди
Бугун, 6 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг янги биносида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросими бошланди.
Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддасига биноан, Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев қуйидагича қасамёд қабул қилди.
“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент қасамёд маросимидан кейинги нутқида Ўзбекистонга ёпирилган қум бўрони ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди.
“Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда.
Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш керак”, дейди Мирзиёев.
Маросимда давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлади.
“Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик ва сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик. Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевга кўра, 2025 йилга бориб олий тоифали ўқитувчиларнинг маоши 1000 долларга етказилади. Худди шунингдек, олий тоифали шифокорлар ойлиги ҳам 1000 долларга етказилади.
Онлайн рейтингда Ўзбекистон ҳавоси энг ифлос давлат деб топилди
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича онлайн рейтингда Ўзбекистон Ҳиндистонни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Датчиклар пойтахт – Тошкентнинг ифлосланиш даражасини 492 AQI кўрсатган.
Рейтингда Ўзбекистондан кейин Ҳиндистон, Хитой, Қирғизистон ва Мексика жой олди. Гватамела, Дания, Гибралтар, Бруней-Даруссалам ва Исландия мамлакатларига эса сўнгги ўринлар насиб қилди.
Юлдуз Усмонованинг оиласи оғир жудоликка учради
Ўзбекистон халқ артисти, "Буюк хизматлари учун" ордени соҳибаси Юлдуз Усмонова оиласида оғир жудолик. Хонанданинг онаси Раҳима ая Усмонова бугун, 6 ноябрь куни 95 ёшида вафот этди.
Раҳима ая пойтахт Тошкентда истиқомат қилиб келаётган эди. Марҳума эртага, 7 ноябрь куни ўзи туғилиб-ўсган Марғилон шаҳрига дафн этилади.
Олам
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори огоҳлантириш бериш учун Москвага борди
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс жорий ҳафтада Москвага ташриф буюрган. Бундан мақсад — Россияга Қўшма Штатлар Россия қўшинларининг Украина чегараси яқинида тўпланишини диққат билан кузатаётганини тушунтириш бўлган.
Таъкидланишича, АҚШ разведка агентлиги раҳбари Кремлнинг бу борадаги ниятларини тушуниши керак бўлган.
Қозоғистон Бош вазири “Марказий Осиё – ЕИ” кенгашини тузишни таклиф қилди
Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин давлат органлари раҳбарлари ва бизнес вакиллари иштирок этадиган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” бизнес кенгашини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати Маминнинг Бишкекда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” биринчи иқтисодий форумидаги нутқи якунлари бўйича маълум қилди.
“Бош вазир “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” бизнес кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди, унда икки минтақанинг иқтисодий блоклари вазирлари, бизнес раҳбарлари, шунингдек молия институтлари, савдо-саноат палаталари вакиллари иштирок этади”, дейилган хабарда.
Саакашвили Грузияда давлат тўнтаришини режалаштираётгани айтилди
Грузияда собиқ Президент Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаган намойишчилар давлат муассасалари биноларини тўсиб қўйишни режалаштирмоқда. Тўнтаришга Грузиянинг қамоқдаги собиқ раҳбари бошчилик қилмоқда. Бу ҳақда Грузия Давлат хавфсизлик хизмати вакили Бача Мгеладзе маълум қилди.
“Жорий йилнинг 6 ноябридан бошлаб Руставидаги 12-сонли жазони ижро этиш муассасаси яқинидаги айрим сиёсий гуруҳлар доимий акциялар ўтказишни ўйлаб топди. Бу ерга вилоятлардан партияларнинг тарафдорлари ҳам келади. Бундан ташқари, Тбилиси шаҳрида норозилик акцияси ўтказилиши режалаштирилган. Тезкор маълумотларга кўра, акция ташкилотчилари давлат муассасалари биноларини тўсиб қўйишни режалаштирган. Ҳокимиятни зўравонлик билан ағдариш мақсадида бўлган бу ҳаракатлар маҳкум Михаил Саакашвили томонидан режалаштирилган”, дейди Мгеладзе.
Зеленский олигархларга қарши қонунни имзолади
Украина Президенти Владимир Зеленский “олигархлар” ҳақидаги қонунни имзолади. Зеленский ушбу қонун йирик бизнеснинг сиёсатга таъсирини чеклайди деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, қонун ижроси таъминланганидан сўнг, “олигархлар”нинг сайловларда сиёсий партиялар ва номзодларни молиялаштириши, шунингдек, хусусийлаштиришда иштирок этиши тақиқланади.
АҚШда мусиқа фестивалида саккиз киши ҳалок бўлди
АҚШнинг Техас штатидаги Astroworld мусиқа фестивалида саккиз киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар турли даражадаги жароҳатлар олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият маълумотларига таяниб хабар берилган.
Гап кеча, 5 ноябрь куни кечқурун Хьюстонда бўлиб ўтган йирик йиллик концерт ҳақида кетмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга тиқилинч сабаб бўлган. Фестивалга жами 100 минг чипта сотилган.
Шаҳар ўт ўчириш бўлими бошлиғи Самуэль Пеньанинг тушунтиришича, маҳаллий вақт билан тахминан 21:15 да 50 минг кишилик оломон саҳна олдига югура бошлаган ва ваҳима пайдо бўлган. Оқибатда концерт тўхтатилган.
Ташқи кучларни Сурия ишларига аралаштирмаймиз – Си Цзиньпин
Хитой ҳукумати Сурияга мамлакатни тиклаш ва COVID-19 пандемиясига қарши курашда ёрдам беришда давом этиш ниятида.
“Хитой Сурия томонига COVID-19 га қарши курашда ёрдам беришда давом этади, шунингдек мамлакатни ўз ривожланишини тиклашда қўллаб-қувватлайди. Хитой Сурия томонининг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва ташқи кучларнинг Суриянинг ички ишларига аралашиш уринишларига қатъий қарши чиқади”, деган Си Цзиньпин.
Спорт
Уйга хуш келибсан, Хави – “Барселона”
“Барселона” Хави Эрнандес билан келишувга эришди. Унга кўра, Хави жорий мавсум якунига қадар ва яна икки мавсум “Барса” бош мураббийи бўлади. Бу ҳақда Каталония клуби матбуот хизмати хабар берган.
Шартномага кўра, “Барселона” Хави билан 2024 йилга қадар шартнома имзолади.
“Бу бўлиши керак эди. Уйга хуш келибсан”, деб ёзилади хабарда.
“Барселона”га қайтган Хави: “Бизни на дуранг, на мағлубият қониқтиради”
Қатарнинг “Ал-Садд” клуби собиқ устози “Барселона” клубининг бош мураббийи этиб тайинланган Хави Эрнандес Каталония жамоаси бошқарувига келгандан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Камп Ноу” ҳар доим менинг уйим бўлган. “Барселона” мухлислари менинг мухлисларим, менинг халқим, мен бу клубни ҳамма нарсадан кўра яхши кўраман. Мен қайтдим. Тез орада кўришгунча, олға, “Барселона!”, деган Хави “Барселона” матбуот хизматига берган интервьюсида.
Махачев чемпионлик камари учун жангга киришмоқчи
Россиялик моҳир UFC жангчиси Ислам Махачев Дэн Хукерни мағлубиятга учратганидан сўнг енгил вазн тоифасидаги жангчилар рейтингида 4-ўринга кўтарилиб олди. Бу орқали у кейинги жангда камарга даъвогарлик қилишга умид қилмоқда.
“Шанба оқшоми ва декабрь ойида менинг вазн тоифамда иккита муҳим, фаолиятим учун аҳамиятли жанг бўлиб ўтади. Яхши ҳолатда менда кейинги жангимдаёқ UFC камари учун октагонга чиқиш имконияти юзага келади. Мен анчадан бери бу кунни кутяпман. Ўтказган жангларим ва қозонган ғалабаларимдан келиб чиқиб, чемпионлик жангига ҳақлиман деб ўйлайман”, дейди Махачев.
LiveБарчаси