Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар маоши қачон 1000 доллар бўлишини айтди
Жамият
−
06 Ноябрь 2021
365712025 йилга бориб олий тоифали ўқитувчиларнинг маоши 1000 долларга етказилади. Худди шунингдек, олий тоифали шифокорлар ойлиги ҳам 1000 долларга етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.
“Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак.
Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади.
Бу борада, аввало, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мамлакатнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилишини ҳам таъкидлади.
“Барча боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади.
Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.
“Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини оширишга биз бирламчи вазифа деб қараймиз.
Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш билан бирга, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошлаган ишларимизни жадал давом эттирамиз”, дея таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари аҳоли саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолишини урғулаб шундай деди:
“Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда”.
LiveБарчаси