Изюмда яна иккита оммавий қабр топилди

Олам

image

Россия босқинидан озод қилинган Изюм шаҳрида яна иккита оммавий қабр топилди. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский CBS телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

“Бугун мен қўшимча маълумот олдим. Яна иккита оммавий қабр топилди, юзлаб одамлар бўлган катта қабрлар. Биласизми, гап кафтдек келадиган Изюм шаҳри ҳақида кетяпти. Кичик шаҳарчада яна иккита оммавий қабр бор. Мана, нималар бўляпти”, дейди у. 

Зеленский Россияга қарши санкцияларни адолатли деб атади ва дунё Путин режимига қарши санкцияларни қўллашда давом этиши кераклигини таъкидлади. 

Изюмдаги оммавий қабр

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Президенти Владимир Зеленский Россия Изюмда ҳам Бучада қилганларини такрорлагани, шаҳардан оммавий қабрлар топилганини айтиб чиқди. 

23 сентябрга келиб, Миллий полиция Бош тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Пантелеев эксгумация (жасад қолдиқларини қабрдан олиб ташлаш – таҳр.) жараёни якунига етаётганини, полиция оммавий қабрдан 427 нафар украиналик жасадини олиб чиққанини айтди. Уларнинг 202 нафари аёллар, 189 нафари эркаклар ва 5 нафари болалар жасади. Шунингдек, ушбу шаҳардаги оммавий қабрдан 21 нафар украиналик ҳарбий хизматчиларнинг жасади топилган.

Сентябрь ойи бошида Украина Қуролли кучлари Харьков вилоятида муваффақиятли қарши ҳужумни амалга ошириб, минтақанинг деярли барча босиб олинган ҳудудларини озод қилди. 10 сентябрь куни Украина Қуролли Кучлари Изюмни босқинчилардан озод қилди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин оммавий қабр Изюм

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг