Фарғона, Бухоро ва Сирдарёдаги мактабларда қишки таътил узайтирилди
Жамият
−
15 Январь 2023
13553Фарғона, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.
Фарғона вилоятида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани сабабли, ҳудуддаги 975 та умумтаълим мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида ҳам совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, барча умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва ўрта махсус таълим таълим ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида ўқувчиларнинг саломатлиги, қолаверса, уларнинг таълим муассасига қатнашида юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларни инобатга олган ҳолда мавжуд 325 та мактаб ва 199 та боғчада дарс ҳамда машғулотлар 18 январдан бошланиши белгиланди.
“Ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинди”, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим жараёнларининг бошланиши 11 январдан 16 январга кўчирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хоразмда ҳам ўқиш бошланиши 16 январга кўчирилганди.
Жорий йилнинг 11 январидан Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма-босқич ҳамда Сирдарё вилоятидаги мавжуд мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун 13 январдан, бошланғич синф ҳамда боғчаларда эса 16 январдан дарс ва машғулотлар бошланиши ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Андижон ва Хоразм вилоятларидаги мактабларда 11 январдан таълим жараёнлари тикланиши маълум қилинганди.
Шу билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини эълон қилганди.
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги эса жорий йилнинг 5 январь куни аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча мактабларда қишки таътил 17 январгача узайтирилгани, 2022-2023 ўқув йилининг III чораги 2023 йилнинг 18 январидан бошланишини билдирганди.
LiveБарчаси