Ҳукумат айтади ҳам, қайтади ҳам: эртадан ОТМларда ўқиш бошланяпти

Жамият

image

Эртага, 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди. 

Хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилган. 

“Ушбу жараёнларни белгиланган тартибда амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кеча-ю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат “Штаб” ташкил этилади. Аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10-18 январь кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан ZOOM шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш тақиқланади. 

Шунингдек, таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимларини барқарор ишлаши таъминланади. 

Таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга оладилар. Ўқув жараёнларини ташкил этишда худуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилди. 

Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритиш рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади”, дейилади хабарда. 

Алоҳида таъкидланишича, 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди. 

Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2023 йил 18 январгача қадар узайтирилганини маълум қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

аномал совуқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг