Эрдўған Зеленский ва Гутерришга урушни тугатишнинг ягона йўлини эслатиб қўйди

Олам

image

Туркия ва Украина Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Владимир Зеленский ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Львовдаги уч томонлама учрашувда Украинадаги можарога барҳам беришнинг эҳтимолий йўлларини муҳокама қилди. Бу ҳақда кеча, 18 август куни Туркия етакчисига таяниб, CNN TÜRK телекомпанияси хабар берди.

“Уч томонлама учрашувимизнинг асосий мавзуси уруш қандай тугаши эди”, дейди Эрдўған. 

У можаро музокаралар столида дипломатия йўли билан якунланиши кераклигига ва бу тинчликка эришишнинг ягона йўли эканига ишонч билдирган.

Музокаралардан сўнг Эрдўған, БМТ воситачилигида ғалла экспорти бўйича тузилган ижобий муҳитдан Украинада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун фойдаланиш муҳокама қилинганини айтган.

“Уч томонлама учрашувимизда Истанбул келишувини мустаҳкам тинчликка айлантириш учун қилиниши мумкин бўлган ишлар ҳақида ҳам гаплашдик. Мен халқаро ҳамжамият дипломатик жараённи тезлаштириш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини таъкидладим”, дейди Туркия Президенти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Маълумот учун, 18 август куни Львовда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида уч томонлама учрашув ўтказилди.

Сўнг Эрдўған ва Зеленский икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун алоҳида музокара ўтказди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг