“Янги Чернобилни хоҳламаймиз”. Гутерриш, Эрдўған ва Зеленский келишиб олди
Олам
−
18 Август 2022
10311Бугун, 18 август куни Львов шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда Украина Президенти Владимир Зеленский иштирокидаги уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Қайд этилишича, Потоцких саройининг матбуотга ёпиқ эшиклари ортида ўтган учрашув 40 дақиқа давом этган. Шундан сўнг, Эрдўған, Зеленский ва Гутерриш иштирокида қўшма мутбуот анжумани бўлиб ўтган.
Чернобиль фожисини яна бошдан кечиришни хоҳламаймиз – Эрдўған
“Биз Запорожье атом электр станцияси атрофидаги ҳарбий ҳаракатлардан хавотиримизни билдирдик. Биз бошқа Чернобиль фожисини бошдан кечиришни хоҳламаймиз”, дейди Туркия етакчиси.
Унинг қўшимча қилишича, уч томонлама саммитда Истанбул консенсуси яратган ижобий муҳитни мустаҳкам тинчликка айлантириш имкониятлари ҳам баҳоланган.
“Биз халқаро ҳамжамият дипломатик жараённи жонлантириш учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидладик. Мен уруш охир-оқибат музокаралар столида тугашига ишонаман. Аслида, жаноб Зеленский ва Гутерриш бу борада ҳамфикр. Биз музокаралар столига олиб борадиган энг қисқа ва адолатли йўлни аниқлашимиз керак”, дейди Эрдўған.
Унинг қўшимча қилишича, Туркия Украинадан келган 325 минг қочқинга, жумладан 1099 нафар етим болаларга бошпана берган.
“Халқаро ҳамжамият Украина инқирозини ҳал қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак”, дейди Эрдўған.
Соғлом фикр устун бўлиши керак – БМТ Бош котиби
Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, Запорожье АЭС билан боғлиқ вазиятда станция хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш учун соғлом фикр устун бўлиши керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти МАГАТЭ инспекторларининг Запорожье АЭСга ташрифини фақат миссия Киев орқали у ерга борган тақдирдагина қўллаб-қувватлаши мумкин.
“Еленовка фактларни аниқлаш миссияси раҳбари этиб Бразилия вакили тайинланади. БМТ Еленовкадаги СИЗО ҳудудига хавфсиз кириш учун ҳаракат қилмоқда”, дея қўшимча қилди БМТ Бош котиби.
Унинг қайд этишича, Россия ва Украинадан озиқ-овқат ҳамда ўғит экспортини давом эттириш бозорларни барқарорлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Маълумот учун, уч томонлама музокаралар олдидан Зеленский ва Гутерриш ҳамда Зеленский ва Эрдўған ўртасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Украина етакчиси Гутерришга БМТ Запорожье АЭС хавфсизлигини таъминлаши, уни қуролсизлантириш ва рус қўшинларидан тўлиқ озод қилинишини таъминлаши кераклигини билдирди. Эрдўған билан эса ғалла экспорти ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳақида суҳбатлашди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси