Эрдўған Зеленский билан юзма-юз гаплашиб олди
Олам
−
18 Август 2022
8710Украина Президенти Владимир Зеленский Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғанга мамлакатнинг вақтинча босиб олинган ҳудудида Россия томонидан йирик ҳажмдаги дон ўғирланиши ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда Зеленскийнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Львов шаҳрига ташриф буюриши Украинанинг шундай қудратли давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари учрашув чоғида ғалла ташаббусини янада ривожлантириш имкониятлари, Россиянинг Запорожье атом электр станциясидаги ядровий шантажини муҳокама қилган.
Шунингдек, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳақида ҳам суҳбатлашган.
“Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудида Россия томонидан йирик ҳажмдаги дон ўғирланишини ҳам муҳокама қилдик. Ишончим комилки, Украина ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайиши икки томон учун ҳам манфаатли бўлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Зеленский ва Эрдўған ўртасидаги учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган ва икки соатдан кўпроқ вақт давом этган.
Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 18 август куни Львов шаҳрига борди. Сафарда унга Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез, Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Кириши, Савдо вазири Меҳмет Муш, Миллий разведка бошқармаси раҳбари Ҳакан Фидан, Президент маъмурияти билан алоқалар бўйича бўлим бошлиғи Фаҳреттин Алтун, Президент матбуот котиби Иброҳим Калин, Президент маъмурияти мудофаа саноати бўлими раҳбари Исмоил Демир, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси расмий вакили Умар Челик ва “Baykar Makina” бош директори Ҳалук Байрактар ҳаҳроҳлик қилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси