ECOWAS’нинг Нигерга бостириб кириш санаси белгиланди
Олам
−
19 Август 2023
8760Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) Нигердаги вазиятга ҳарбий аралашуви бошланишининг аниқ санаси белгилади, бироқ бу ҳақда ҳозирча эълон қилинмайди. Бу ҳақда ҳамжамиятнинг тинчлик ва хавфсизлик бўйича комиссари Абдел Фатау Мусаҳ Гана пойтахти Аккра шаҳрида бўлиб ўтган ECOWAS давлатлари Қуролли кучлари бош штаблари бошлиқларининг йиғилиши якунида маълум қилди.
“Ҳарбий ечим бизнинг афзал кўрган вариантимиз эмас, лекин Нигердаги ҳарбий хунтанинг муросасизлиги бизни шундай йўл тутишга мажбур қилади. Нигерда содир бўлаётган воқеалар минтақадаги бир қатор тўнтаришларнинг бир қисмидир ва биз уларга чек қўйишга ҳаракат қиляпмиз”, деган Мусаҳ.
Унга кўра, ECOWAS кучларининг Нигердаги вазиятга аралашуви қисқа муддатли бўлади ва бу мамлакатда конституциявий тартибни тиклашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 июль куни Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) Президент Муҳаммад Базумни қўлга олганди. Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.
Жорий йилнинг 30 июль куни Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Абужадаги саммитда Нигердаги давлат тўнтаришини қоралади ва исёнчиларга конституциявий бошқарувни тиклаш учун бир ҳафта муҳлат берди. Агар талаб бажарилмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилди. Кейинчалик Нигернинг Париждаги элчиси ECOWAS’га аъзо давлатлар Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди.
8 август куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Нигерга ташриф буюриб, мамлакат Президентини ҳокимиятдан четлатган исёнчилар вакиллари билан учрашди. Унинг ташрифи муваффақиятсиз бўлиб, у Президент Базум билан ҳам “Ватанни қутқариш миллий кенгаши”ни бошқарган генерал Абдураҳмон Чиани билан учраша олмай ортига қайтиб кетган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь