АҚШ вакили Нигерга борди. У вазиятни ўзгартира оладими?
Олам
−
08 Август 2023
3576АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Нигерга ташриф буюриб, мамлакат Президентини ҳокимиятдан четлатган исёнчилар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Унинг маълум қилишича, ҳарбийлар унинг ҳокимиятдан ағдарилган Президент Муҳаммад Базум билан учрашишини рад этган.
Шунингдек, унга “Ватанни қутқариш миллий кенгаши”ни бошқарган генерал Абдураҳмон Чиани билан учрашиш ҳам рад этилган. Нуланднинг асосий суҳбатдоши Нигернинг янги Мудофаа вазири бўлган.
Нуланднинг айтишича, у ҳарбийларга бир нечта вариантни берган. Агар Нигер Базум ҳокимиятини тикламаса ёки “Вагнер” ёлланма аскарлари билан ҳамкорлик қилиб, қўшни Малининг йўлидан бормаса, АҚШ билан муносабатларига путур етишини ҳам маълум қилган.
“Умид қиламанки, улар дипломатия учун эшикни очиқ тутишади. Биз шундай таклиф билан чиқдик. Исёнчилар Вагнернинг таклифини қабул қилса, давлат суверенитети учун катта хавф туғилишини яхши билади”, дейди Виктория Нуланд.
Оқ уй маълумотларига кўра, мамлакатда ағдарилган президентга исёнчиларга қарши курашда ва бошқа вазифаларни бажаришда ёрдам берган мингга яқин АҚШ ҳарбийлари бор. Ҳозирча уларни мамлакатдан олиб чиқиш бўйича режалар йўқ, бироқ давлат тўнтаришидан кейинги баъзи фаолиятлари чекланган.
Нигердаги давлат тўнтариши
Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни Президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.
Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. У тўнтаришни коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлаган.
Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Шундан сўнг, Нигернинг ҳокимиятдан четлатилган Президенти Муҳаммад Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.
Жорий йилнинг 30 июль куни Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Абужадаги саммитда Нигердаги давлат тўнтаришини қоралаган ва исёнчиларга конституциявий бошқарувни тиклаш учун бир ҳафта муҳлат берганди. Агар талаб бажарилмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилинганди. Кейинчалик Нигернинг Париждаги элчиси ECOWAS’га аъзо давлатлар Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь