Нигерда вазият жиддий. Армия ҳам исёнчилар томонига ўтди
Олам
−
28 Июль 2023
11385Нигер қуролли кучлари қўмондонлиги мамлакатда исён кўтарган президент гвардияси ҳарбийлари билан бирдамлик эълон қилди. Африка давлати армияси раҳбарияти Нигернинг амалдаги Президенти Муҳаммад Базумнинг ҳокимиятдан четлатилишига тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Нигер Қуролли кучлари қўмондонлигининг Twitter'даги саҳифасида баёнот берилди.
“Нигер армиясининг ҳарбий қўмондонлиги мудофаа ва хавфсизлик кучларининг баёнотига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қарор қилди”, дейилади мамлакат армияси раҳбариятининг расмий хабарида.
Айтилишича, исёнчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарор қўмондонлик раҳбариятининг президент гвардияси вакиллари билан учрашувидан сўнг қабул қилинган. Армия уларнинг мақсади мамлакатдаги ҳар қандай қуролли можароларнинг олдини олиш, шунингдек, Нигернинг амалдаги президенти Муҳаммад Базум ва унинг барча оила аъзоларининг жисмоний дахлсизлигини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилиш эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Муҳаммад Базум 2021 йилда президентликка сайланган. Жорий йилнинг 26 июль куни президент қўриқчилари унинг қароргоҳига киришни тўсиб қўйди. Базумдан президент гвардияси қўмондони генерал Умар Чианини лавозимидан четлаштириш режалари муносабати билан истеъфога чиқиш талаб қилинди. Дастлаб Нигер армияси ҳарбий қўзғолонни қўллаб-қувватламаган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 июлга ўтар кечаси Нигер миллий телевидениеси эфирида президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари Муҳаммад Базум ҳокимятдан олиб ташлангани, мамлакатда комендантлик соати эълон қилингани ва штат чегаралари вақтинча ёпилганини расман эълон қилганди.
LiveБарчаси