ECOWAS делегацияси исёнчилар раҳбари билан учрашмасдан Нигерни тарк этди

Олам

image

Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) вакиллари Нигерга келганидан бир неча соат ўтиб, исёнчилар раҳбари генерал Абдураҳмон (Умар) Чиани билан учрашмай мамлакатдан чиқиб кетди. Бу ҳақда манбасига таяниб, “Agence France-Presse” нашри хабар берди.

Айтилишича, кеча, 3 август куни кечқурун Нигерга келган ECOWAS делегацияси генерал Чиани билан ҳам, Президент Муҳаммад Базум билан ҳам учрашмасдан мамлакатни тарк этган.

Нигериянинг собиқ президенти генерал Абдусалами Абубакар бошчилигидаги ECOWAS воситачилари делегацияси исёнчилар етакчилари билан учрашиб, уларга жамият раҳбарларининг талабларини етказиши керак эди. Делегация таркибида Абубакар билан бирга ECOWAS комиссияси раиси Умар Алиу Турай ва нуфузли диний етакчи, Сокото султони Муҳаммад Абубакар III ҳам бор эди.

Маълумот учун, 30 июль куни бўлиб ўтган фавқулодда саммитда ECOWAS етакчилари исёнчилардан Президент Базумни зудлик билан озод қилиш ва лавозимига қайтариш ҳамда мамлакатда конституциявий тартибни тиклашни талаб қилган. ECOWAS давлатлари Нигер ҳарбийларига ушбу талабларини бажариш учун бир ҳафта вақт берган. ECOWAS исёнчиларга қарши Нигерда конституциявий тузумни тиклаш учун барча зарур чораларни кўриш билан таҳдид қилди ва куч қўллаш”ни истисно қилмади.

2 август куни миллий телевидениеда нутқ сўзлаб, давлат тўнтаришидан сўнг марказий ҳукумат органи бўлган Ватанни қутқариш миллий кенгаши раҳбари генерал Чиани минтақавий ва халқаро босимларга бош эгмаслигини айтди. У Нигер халқини ташқи таҳдидлар олдида ватанини ҳимоя қилишга тайёр туришга чақирди.

Нигер сиёсатчиларининг сўзларига кўра, айни пайтда Базумнинг соғлиғи яхши, у бошқа мамлакатлар раҳбарлари ва ҳукуматлари вакиллари билан телефон орқали мулоқот қилади. Аммо унга қароргоҳни тарк этиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Нигерда ҳарбий тўнтариш содир бўлган, мамлакат Президенти Муҳаммад Базум исёнчилар томонидан қўлга олинганди. Дастлаб Президент тарафда экани айтилган Нигер қуролли кучлари мамлакатда исён кўтарган президент гвардияси вакиллари билан учрашувидан сўнг Президент Муҳаммад Базумнинг ҳокимиятдан четлатилишига тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай генерал Умар Чиани ўзини мамлакатнинг янги раҳбари – “Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш президенти” деб эълон қилди. Нигерда минглаб намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилди. Бунга жавобан Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ўз фуқаролари ва хориждаги муассасаларга қарши ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтиб, агар бундай ҳодисалар юзага келса, кескин жавоб беришга ваъда берди. АҚШ ва Буюк Британия ҳам Нигердаги элчихона ходимларининг бир қисмини эвакуация қилди. Нигернинг ҳокимиятдан четлатилган Президенти Муҳаммад Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат тўнтариши Нигер Муҳаммад Базум ECOWAS генерал Чиани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг